“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” аъзолари томонидан Қашқадарё вилояти Ғузор туманида жойлашган “Uzbekistan GTL” заводидаги ишлар ҳолати ўрганилди.


“Uzbekistan GTL” заводида Ўзбекистон тарихида биринчи синтетик нефт ишлаб чиқарилиши бошланган эди. Орадан кўп вақт ўтмасдан, 2022 йилнинг 29 июнь куни “Uzbekistan GTL” заводида Ўзбекистон нефт ва газ-кимёси саноатининг тарихда биринчи синтетик GTL дизель маҳсулоти ишлаб чиқарилгани ва илк маҳсулот олинганлигини эълон қилинган эди.
Бугунги кунга қадар, яъни икки ҳафта ичида Uzbekistan GTL заводида жами 15 минг тоннага яқин синтетик дизель ёқилғиси ва 4 минг тоннадан зиёд нафта маҳсулоти ишлаб чиқарилди.
Заводнинг барча технологик қурилмалари ишчи ҳолатда бўлиб босқичма-босқич ишлаб чиқариш ҳажмлари оширилиб бормоқда. Бошқарув раиси жорий йилнинг 4 июль кунидан бошлаб Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг биржа савдолари орқали илк бор GTL дизель ёқилғиси сотилиши бошланганини таъкидлаб, қисқа муддат ичида яъни жами 9,5 минг тоннага яқин синтетик дизель сотилганини маълум қилди.


“Ишчи гуруҳ” томонидан “Uzbekistan GTL” заводида синтетик дизель ёқилғиси ишлаб чиқариш ва уни сотиш ҳажмини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати ўрганилди.
Ташриф давомида, заводнинг Ўзбекистон аккредитация маркази томонидан миллий аккредитациядан ўтган марказий лабораториясида якуний тайёр маҳсулотларни белгиланган стандартларга жавоб беришини ва мувофиқлигини тасдиқлаш юзасидан олиб бориладиган лаборатория синовлари, истеъмолчиларга етказиб бериш ва юклаш жараёнлари билан яқиндан танишиб чиқилди.
Ўз навбатида, “Ўзбекнефтегаз” АЖ Бошқаруви раиси бошчилигида заводнинг ишлаб чиқариш цехлари бошлиқлари ва раҳбар ходимлар иштирокида ишчи йиғилиш бўлиб ўтди.


















