Ўзбекистон | 07:30 / 21.07.2022
3632
4 дақиқада ўқилади

Ов қуролига эгалик қилишнинг ёш даражаси 21 ёшдан 25 ёшгача оширилади

Фото: Getty Images

Вазирлар Маҳкамасининг “Қурол муомаласи соҳасидаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан ҳукумат айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Лойиҳа билан қуйидагилар назарда тутилмоқда:

  • пневматик ов ва спорт қуроли оғиз қисмидаги қуввати ва калибрига оид техник тавсифларини чиқариб ташлаш орқали барча турдаги пневматик қуролнинг муомаласи соҳасидаги фаолият ва ҳаракатларни лицензия ва рухсатномалар асосида амалга ошириш ҳамда ушбу қурол ўқ-дориларини лицензия ва рухсатномаларсиз ишлаб чиқариладиган, реализация қилинадиган ва эгалик қилинадиган ашёлар тоифасига киритиш;
  • фуқаролар томонидан пневматик калта стволли ва ташқи томондан автоматик қурол нусхаларига (репликаларига) ўхшаш пневматик қуролни ички ишлар органлари рухсатномалари бўйича фақат спорт объектларида сақлаш ва улардан фойдаланиш;
  • коллекциялаш ва кўргазмага қўйиш объектларига биттадан ортиқ ўқотар ва пневматик ов қуроли, пневматик калта стволли ҳамда ташқи томондан автоматик қурол нусхаларига (репликаларига) ўхшаш пневматик қурол киритилиши мумкинлигини, шу сабабли ушбу объектлар муомаласини тартибга солиш жиддий мураккаблашгани муносабати билан тегишли рухсатномаларни бериш бўйича ваколатли органлар сифатида туман-шаҳар ИИБни эмас, балки юқорироқ турган ички ишлар органини – Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ИИББ ҳамда вилоятлар ИИБни белгилаш;
  • юридик шахслар ходимлари ва фуқаролар қуролга эгалик қилишга қарши кўрсатмалар мавжуд эмаслиги юзасидан тиббий текширувларни фақат давлат соғлиқни сақлаш органлари тиббиёт муассасаларида ўтказилишини, текширув натижалари бўйича хулосани эса, фуқаронинг иштирокисиз, тиббиёт муассасаси томонидан тўғридан тўғри ички ишлар органига юборилишини таъминлаш;
  • ярим автомат силлиқ стволли ўқотар ов қуролини ва ўқдон (барабан) сиғими тўрт дона патрондан ортиқ бўлган силлиқ стволли ўқотар ов қуроли эгалик қилиш асосларига овчилар жамоат бирлашмаси тавсияномасини киритиш ҳамда ушбу қуролни олиш тартибини сойли стволли ўқотар ов қуролига тенглаштириш;
  • ов қуролига эгалик қилиш ёш цензини 21 ёшдан 25 ёшгача ошириш;
  • фуқаровий қуролга эгалик қилишга тўсқинлик қилувчи ҳолатларга фуқаро ва у билан бирга доимий яшовчи шахслар томонидан қасддан оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этилганини, уларга нисбатан қораловчи (экстремистик фаолият, шахслар ҳаёти ва соғлиғига ҳақиқий таҳдид солувчи фаолият белгилари мавжуд бўлган ғайриқонуний ҳаракатлар тўғрисидаги) маълумотлар мавжудлигини, қурол эгаси билан бирга доимий яшовчи шахслар руҳий касалликлар ва наркология диспансерлари рўйхатларига олинганини қўшимча равишда киритиш;
  • биттадан ортиқ ҳар бир сойли ва силлиқ стволли ўқотар ов ва пневматик ов қуролига эгалик қилганлик учун ҳар йиллик йиғимни ундириш алоҳида механизмини жорий этиш;
  • айрим эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган қоидаларни чиқариб ташлаш.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид