Қашқадарё вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, Кўкдала туманида жойлашган «Умакай» мунтазам йўл-патрул масканида Nexia машинаси тўхтатилган.
Ҳужжатларни текшириш жараёнида машинада санитария қоидаларига зид равишда қарийб 1 тонна гўшт ортиб кетилаётгани аниқланган. Дастлабки суриштирувда ҳайдовчи ўзининг оти ва қорамолларини сўйиб, гўштини Тошкентга олиб кетаётганини айтган.
Гўшт тегишли тартибда ҳужжатлаштирилиб, вилоят ветеринария санитария-эпидемиология марказида текшириб кўрилганда унинг истеъмолга яроқсиз экани маълум бўлган. Шундан сўнг истеъмолга яроқсиз гўшт тегишли тартибда йўқ қилинган.
Аввалроқ, «Умакай» мунтазам йўл-патрул масканида Чироқчи туманида яшовчи шахсга тегишли Cobalt машинасига ортиб кетилаётган 830 килограмм истеъмолга яроқсиз гўшт тўхтатиб қолинганди.
















