СЭГ: Фарғона НҚЗ июнда бензин ишлаб чиқаришни камайтиргани завод модернизацияси билан боғлиқ
Компания, шунингдек, ишлаб чиқарилган маҳсулот 100 фоиз биржага чиқарилаётганини маълум қилди.
Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи июн ойида ишлаб чиқаришни камайтиргани таъмирлаш ишлари билан боғлиқ эди, дея маълум қилди заводга эгалик қилувчи “Саноат энергетика гуруҳи” МЧЖ.
Kun.uz 22 июл куни эълон қилган материалда, бензин нархи ошаётгани импорт камайгани билан бирга, ўтган ойда ФНҚЗ ишлаб чиқаришни сусайтиргани фонида ҳам рўй бераётгани ҳақида ёзганди.
“Саноат энергетика гуруҳи”дан маълум қилишларича, нархлар ошишида заводдаги таъмирлаш ишларининг аҳамияти катта эмас.
“Фарғона НҚЗда жорий йилнинг январ-июн ойларида жами 95,4 минг тонна бензин ишлаб чиқарилган бўлса, шундан июн ойида маҳсулот ҳажми 9,9 минг тоннани ташкил этди.
Ишлаб чиқаришнинг пасайиши корхонанинг хусусийлаштирилиши билан боғлиқ эмас, балки L35/11-300 (бензин ишлаб чиқариш) қурилмасининг 1-15 июн кунлари таъмирлашда бўлгани туфайли содир бўлган. Афсуски, завод сўнгги 30 йил давомида модернизация қилинмади, хавфсизлик омили туфайли бундай қурилмаларнинг ишини тўхтатиш ва таъмирлаш ишларини кейинга қолдириб бўлмайди, уларни эътиборсиз қолдиришга компаниямиз ҳақли эмас.
СЭГ корхонанинг янги эгаси сифатида модернизация қилиш учун 400 млн доллар атрофидаги маблағни жалб этишни режалаштирган. Янгиланиш корхонанинг иш режимини тўхтатмаган шароитда амалга оширилмоқда, аммо турли қурилмаларнинг ишини орада вақтинча тўхтатиб туришга тўғри келади. Завод аввалги эгалари даврида бундай таъмирлаш ишлари олиб борилмаган ва уларга катта сармоя ҳам киритилмаган.
L35/11-300 агрегатининг стандарт ишлаб чиқариш қуввати ойига 20,0-26,0 минг тоннани ташкил этади. Шу тариқа, Ўзбекистонда умумий ишлаб чиқариладиган автомобил бензини ҳажмининг чорак қисмидан сал кўпроғи (26%) ФНҚЗ ҳиссасига тўғри келади.
Бугунги кунда жаҳондаги геосиёсий вазият ва ресурслар тақсимоти схемасидаги ўзгаришлар, шунингдек, углеводород хомашёси ҳамда нефт маҳсулотлари нархларининг кескин ўсиши туфайли тижорат тузилмалари томонидан бензин ва дизел ёқилғиси импорти кескин камайди.
Шундай қилиб, юқорида айтиб ўтилган бозорнинг чорак қисми сўнгги ойларда олтидан бир қисмга айланди, яъни ҳозирда ушбу ҳажм умумий бозорнинг 18 фоизидан ошмайди.
Июн ойида қурилма таъмирда бўлганини ҳисобга оладиган бўлсак, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган умумий бензин бозорида ташкилотнинг улуши 10 фоизигача камайганини кўриш мумкин.
Бундай маълумотлар шуни англатадики, ФНҚЗ иши, албатта, бензин нархига таъсир кўрсатади, лекин фақат корхона томонидан ишлаб чиқариладиган ўша улуш доирасида. Ушбу улушни ортиқча баҳолашга уринишга ҳожат йўқ”, – дейилади компания томонидан Kun.uz'га тақдим этилган ахборотда.
22 июлдаги материалда, шунингдек, Товар-хомашё биржаси тақдим этган маълумотга асосан Фарғона НҚЗ июн ойида 1739 тонна АИ-80 бензинини биржага чиқаргани, бу завод июн ойида ишлаб чиқарган бензиннинг бор-йўғи 11 фоизи экани, қонунчиликка кўра эса нефтни қайта ишлаш заводлари АИ-80 маркали бензинни ички бозорга фақат биржа орқали сотиши мумкинлиги таъкидланган эди.
“Саноат энергетика гуруҳи”нинг изоҳлашича, ишлаб чиқарилган бензиннинг 100 фоизи биржага чиқарилади: гап шундаки, маҳсулот биржага ФНҚЗ билан бирга, СЭГ томонидан ҳам қўйиб келинади.
“Бугунги кунда ФНҚЗ СЭГнинг бир қисмидир. Демакки, ФНҚЗда ишлаб чиқарилган бензин нафақат “ФНҚЗ” МЧЖ, балки “Саноат энергетика гуруҳи” МЧЖ юридик шахси орқали ҳам савдоларга қўйилиши мумкин. Июн ойида ФНҚЗ томонидан ишлаб чиқарилган ҳажмнинг 100 фоизи юридик шахс ким бўлишидан қатъи назар юқорида номи тилга олинган икки компания томонидан биржа савдоларига чиқарилган”, – дейилади изоҳда.
Kun.uz'нинг ФНҚЗни модернизация қилиш ишлари қачон якунланиши ҳақидаги саволини “Саноат энергетика гуруҳи” вакили очиқ қолдирди. Завод хусусийлаштирилгани ҳақида Давлат активлари агентлиги берган ахборотда ҳам хусусийлаштириш шартлари қаторида муддатлар очиқланмаган.
Мавзуга оид
15:10
Биржага чиқарилаётган АИ-80 бензинининг бошланғич нархига нисбатан чеклов ўрнатилди
17:26 / 06.11.2024
Пропан 5 ойда қарийб 2 баробарга, АИ-80 бензини эса йиллик нисбатда 26 фоизга қимматлашди
07:30 / 04.11.2024
Тошкентдаги яна учта АЁҚШда сифатсиз бензин сотилаётгани аниқланди
07:40 / 30.10.2024