Ўзбекистон | 15:27 / 23.07.2022
16843
2 дақиқада ўқилади

Ғафур Ғулом боғи 1 сентябрдан фаолиятини бошлайди - Сенат

Фото: Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғи маъмурияти

Тошкент шаҳридаги Ғафур Ғулом боғи шу йилнинг биринчи сентябридан фаолиятини бошлайди. Бу ҳақда Сенат хабар берди.

Қайд этилишича, Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзолари Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида олиб борилаётган ишларни жойига чиқиб ўрганди.

Ўрганиш натижаларига кўра, бугунги кунда “BMP Smart Decision Private Limited” хорижий компанияси томонидан боғ ҳудудида реконструкция қилиш, бино иншоотларини қуриш ва хориждан олиб келинган аттракционлар ҳамда ўйин қурилмаларини ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда ва шу мақсадда 71 млрд сўм маблағ сарфланган.

Билдирилишича, Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғи жорий йилнинг биринчи сентябридан ишлай бошлайди.

Боғ ҳудудида олиб борилаётган ишлари Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг доимий назоратида экани айтилади.

Аввалроқ Ғафур Ғулом маданият ва истироҳат боғидаги реконструкция ишлари 2022 йил ёзида якунланиши ва боғда кунига 10 минг киши ҳордиқ чиқара олиши мумкин бўлиши хабар қилинганди.

Тошкентдаги энг гавжум истироҳат боғларидан бири бўлган Ғафур Ғулом боғи 2019 йилда Вазирлар Маҳкамаси ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ёпиқ ҳужжатлари билан BMP Smart Decision компаниясига 49 йилга ижарага берилган.

Kun.uz Сингапурда рўйхатдан ўтган мазкур компания таъсисчиси Ўзбекистон фуқароси Шерзод Ҳалимов экани, компаниянинг устав капитали 1000 Сингапур доллари (720 АҚШ доллари атрофида) эканини хабар қилганди.

Ўтган йил декабр ойида пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Ғафур Ғулом боғидаги реконструкция кечикиб кетгани учун боғ эгаларини танқид қилган, боғнинг бу инвесторга берилиши масаласи қайта кўриб чиқилишини айтганди.

Мавзуга оид