Ўзбекистон | 09:19 / 25.07.2022
7892
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда ҳайдовчи Nexia билан пиёдани уриб, воқеа жойидан қочиб кетди

Оқибатда 69 ёшли пиёда оғир тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида вафот этди.

Фото: Видеодан кадр

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, 4Р-41 Ғаллаорол-Ўсмат автомобил йўлининг Ғаллаорол тумани Мирзабулоқ маҳалласи ҳудудидан ўтган 1-километрида одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Маълум қилинишича, вилоят ИИБга номаълум машина йўлни кесиб ўтаётган пиёдани уриб юбориб, қочиб кетгани ҳақида хабар келиб тушган. Ҳодиса юз берган жойга зудлик билан ИИБ ходимлари етиб борганида жабрланувчи Ғаллаорол тумани Бахт маҳалласида яшовчи, 1953 йилда туғилган фуқаро экани ва у оғир тан жароҳатлари олиб вафот этгани ойдинлашади.

Шундан сўнг вилоят бўйлаб пиёдани уриб, қочиб кетган ҳайдовчига қидирув эълон қилинади. Олиб борилган суриштирувлар давомида мазкур жиноятни Зарбдор тумани Нуробод маҳалласида яшовчи, 1999 йилда туғилган шахс ўз бошқарувидаги Nexia машинаси билан содир этгани аниқланади.

Ҳайдовчи аввалига пиёдани уриб юборганини тан олмайди. Аммо машина текшириб кўрилганда унинг олд қисмида зарба излари борлиги маълум бўлади.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Ғаллаорол тумани ИИБ томонидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, Жиззахда Nexia машинаси бошқарувни йўқотиб каналга тушиб кетган ва оқибатда унинг ҳайдовчиси вафот этганди.

Мавзуга оид