Шавкат Мирзиёев ғўзани парваришлаш ва ҳосилдорликни таъминлаш бўйича «долзарб 30 кунлик» эълон қилди
Президент Шавкат Мирзиёев 27 июль куни пахтачиликдаги долзарб вазифалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди.
Қайд этилишича, сўнгги йиллардаги иқлим ўзгаришлари пахтачилик олдига янги вазифалар қўймоқда. Ўн кундан бери кундузги ҳарорат 43 даражадан юқори бўлмоқда. Бу пахтачилик учун фавқулодда вазият.
“Лекин барча имкониятларни сафарбар қилиб, ҳосилни сақлаб қолиш зарур. Бунинг учун уруғчилик, нав танлаш, ўғитлаш, суғориш ва зараркунандаларга қарши курашишни илмий ёндашувлар асосида йўлга қўйиш керак”, дейилади расмий хабарда.
Билдирилишича, йиғилишда инновацион ривожланиш вазири, Пахтачилик кенгаши раиси Иброҳим Абдураҳмонов кенгаш томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳисобот берди.
Кенгаш аъзолари олим ва мутахассислар билан бирга Қуйи Чирчиқ, Сайхунобод, Навбаҳор, Нарпай, Вобкент ва Қоракўл туманларига бориб, ҳақиқий аҳволни ўрганган. Уруғлик пахта экилган майдонларда кўчат тиғизлиги меъёрга нисбатан 35-40 фоизга ошириб юборилгани аниқланган. Айрим далаларда ғўза тепасида ҳосил деярли йўқ, пастида эса 2-3 та кўсак бор. Зарарли ҳашарот ва касаллик турлари кўпайган.
Йиғилишда бундай ҳолатда ғўзани парваришлаш ва ҳосилдорликни таъминлаш бўйича тавсия ва кўрсатмалар айтиб ўтилди. Уларни барча ҳудудларда амалга ошириш бўйича “долзарб 30 кунлик” эълон қилинди. Кластер ва фермерлар даласига бориб, илмий ёндашув ва янгиликларни тушунтириш зарурлиги таъкидланди.
– Иқлим ўзгариши келгусида ҳам салбий таъсир кўрсатишини ҳисобга олиб, иш тутишимиз керак. Бу масалага илмий ёндашиш шарт, – деди Шавкат Мирзиёев.
Вилоят ҳокимлари ушбу долзарб кунларда қилинадиган ишлар бўйича ахборот берди.
Мавзуга оид
17:38 / 25.12.2024
Мирзиёев МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этди
15:59 / 25.12.2024
Шавкат Мирзиёев Озарбойжон самолёти ҳалокати юзасидан ҳамдардлик билдирди
00:30 / 25.12.2024
Шавкат Мирзиёев Санкт-Петербургга борди
20:19 / 24.12.2024