Ўзбекистон | 10:37 / 29.07.2022
14284
2 дақиқада ўқилади

Магистратурага топширилаётган сертификатларнинг 70 фоизи сохталаштирилган - Абдуқодир Тошқулов

Масъулларга ушбу ҳолатни қатъий назоратга олиш, қабул якунлангач сертификатларни экспертлар иштирокида яна бир бор текшириш, сохта сертификат топширганларни ўқишдан четлатиш бўйича зарур кўрсатма берилди.

Фото: Олий таълим вазирлиги

Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов раҳбарлигида ижодий, касбий имтиҳонларни пухта тайёргарлик асосида шаффоф ўтказиш масаласига бағишланган видеоселектор йиғилиш бўлиб ўтди. 

Олий таълим вазирлиги хабарига кўра, йиғилиш кун тартибидаги долзарб масала – айни кунда бошланган ижодий, касбий имтиҳонларни шаффоф ва холис ўтказиш бўлди.

Абдуқодир Тошқулов масъулларга имтиҳонларни назорат қилишга жалб этилган профессор-ўқитувчилар, мутахассислар учун етарли шароитлар яратиш, жараёнларни адолатли ўтказишда ҳалоллигини кўрсатган мутахассисларни катта миқдордаги қўшимча пул мукофотлари билан рағбатлантириш зарурлигини таъкидлади.

Касбий имтиҳон ўтказиладиган таълим йўналишлари бўйича жами қабул параметрлари 2 515 тани ташкил этади. Маълумотларга кўра, рўйхатдан ўтган ва таълим йўналишларини танлаган абитуриентлар сони 1 млн 200 минг нафардан ошган. Улардан алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишлари бўйича рўйхатдан ўтган абитуриентлар сони 60 177 нафар, тест билан биргаликда касбий (ижодий) имтиҳон ўтказиладиган таълим йўналишлари бўйича рўйхатдан ўтган абитуриентлар сони 66 371 нафарни ташкил этмоқда.

Мажлисда вазир абитуриентлар ота-оналари ва кузатувчилар учун муассаса ҳудудида имтиҳонни санитария-гигиена қоидаларига амал қилган ҳолда ўтказиш, жараёнларни видеотрансляция қилиш, ҳар бир ҳудудни навбатчи тез тиббий ёрдам машинаси билан таъминлаш, жараён ҳақида тезкор ахборот бериб бориш, апелляция комиссияси фаолиятини ташкил этиш, имтиҳон жараёнларига ОАВ, жамоатчилик вакиллари, блогерларни таклиф этиш бўйича ҳам масъулларга топшириқлар берилди.

А.Тошқулов йиғилиш якунида магистратурага ҳужжат қабул қилишга ҳам тўхталиб, топширилаётган сертификатларнинг 70 фоизи сохталаштирилаётганини қаттиқ танқид қилди.

Масъулларга ушбу ҳолатни қатъий назоратга олишлари, қабул якунлангач сертификатларни экспертлар иштирокида яна бир бор текширишлари, сохта сертификат топширганларни ўқишдан четлатиш бўйича зарур кўрсатма берди.

Мавзуга оид