28 июл куни кечқурун Москва шаҳрининг Алмати кўчасидаги ҳостелда ёнғин содир бўлди. «Интерфакс» ФВВга асосланиб хабар беришича, саккиз киши ҳалок бўлган, яна тўрт киши жабрланган. Жароҳатланганлар шифохонага ётқизилган ва зарур тиббий ёрдам кўрсатилган.
ТАСС нашри хабарига кўра, ёнғин ҳақидаги маълумот фавқулодда хизматларга маҳаллий вақт билан соат 23:47 да келиб тушган. Соат 00:47 да ёнғин ўчирилган. Ёнғин майдони 150 квадрат метрни ташкил этган. РИА Новости нашрининг ёзишича, дастлабки ўрганишларга кўра, ёнғин электр тармоғи носоз ҳолатда бўлгани сабабли келиб чиққан бўлиши мумкин.
ФВВ маълумотига кўра, ҳостелда ёнғин сигнализацияси ишламаган, деразаларга ўрнатилган панжаралар одамларни қутқаришга халал берган. ТАСС манбаси аниқлик киритишича, қурбонларнинг барчаси бир хонада бўлган ва ис газидан заҳарланиб вафот этган. Ёнғин вақтида улар уйқуда бўлгани истисно этилмаяпти.

«Коммерсант» маълумотига кўра, ҳостелда асосан ишчилар ва яқин масофадаги «Москва» савдо-ярмарка мажмуаси (Люблино райони) ҳамда «Садовод» бозорида (Капотнеда) ишлаган сотувчилар яшаган. ТАСС манбасига кўра, қурбонларнинг барчаси меҳнат муҳожирлари бўлган. Айни вақтда уларнинг фуқаролигини аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.

Ҳодиса юзасидан хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган хизматлар кўрсатиш ҳолатлари бўйича жиноят иши қўзғатилган. ФВВ маълум қилишича, аввалроқ ҳостелда бир неча бор ёнғин хавфсизлиги қоидалари бузилиши ҳолатлари аниқланган, ҳостел раҳбариятига қоидабузарликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилганди.










