Аввалига рус дипломатлари, кейин эса Россия президенти Владимир Путин бежизга Эронга бориб келгани йўқ. Украинага бостириб киргач, учраган санкциялари сони бўйича Эрондан ўзиб кетган Россия қайсидир маънода ўн йиллардан буён жуда кўп санкциялар билан яшаб келаётган Эрондан «қора рўйхат»да яшаш тажрибаси борасида тавсиялар олган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Бир неча кун аввал икки давлат авиация соҳасида ҳамкорлик бўйича келишиб олди. Бу келишув Эрон томонидан Россияга самолёт эҳтиёт қисмлари экспорт қилиш ва Эрон компаниялари томонидан рус самолётларига техник хизмат кўрсатишни ўз ичига олади. Россия «биринчи планда бўлмаган» бу келишув рус нашрларида кенг ёритилмади. Бу ҳақда биринчи бўлиб Эрон фуқаролик авиацияси ташкилоти хабар берди.

Россия Украинага бостириб киргач, санкциялар мамлакатнинг барча саноат тармоқларига, хусусан, авиация соҳасига ҳам кескин зарба берди. Россия самолётларини бошқа давлатда таъмирлаш, улар учун эҳтиёт қисмлар юбориш тақиқланди.

Россия авиация соҳасида Эрон билан ҳамкорлик қилиши эса ғалати ҳолат бўлди, чунки форсларнинг ўзи 1980-йиллардан буён санкция остида яшаб келади. Ўшандан буён Эронга самолёт эҳтиёт қисмлари юбориш тақиқланган. BBC ўзи санкция остида яшаётган Эрон қандай қилиб Россия авиациясига ёрдам бериши мумкинлиги ва бу қанчалик хавфсиз эканини таҳлил қилди.

Эрон авиасаноати қандай ҳолатда?

1979 йил ислом инқилоби содир бўлгач, Эрон адоғи йўқ санкциялар остида қолиб кетади. 2015 йил вазият бироз енгиллашгандай бўлди. Ўшанда Эрон БМТ Хавфсизлик кенгаши давлатлари (АҚШ, Хитой, Британия, Франция, Россия) билан ядро келишуви имзолади.

Унга кўра, Эрон ядро дастуридан босқичма-босқич воз кечиши, эвазига эса санкциялар енгиллаштирилиши керак эди. Санкциялар юмшатилган қисқа даврда Эрон дунё компанияларига 200 та самолёт буюртма қилди, лекин фақат 10 тасинигина қўлга киритди.

2017 йилга бориб Эрон ҳатто мустақил равишда самолёт учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш ҳаракатини бошлади. 2018 йилда эса ҳаммаси барбод бўлди ­– АҚШ президенти Доналд Трамп мамлакат ядро келишувидан чиқишини маълум қилди-да, санкциялар Эронга «қайта бошлади».

Ҳозирда Эрон фуқаро авиациясидаги асосий самолётлар импорт қилинган Boeing, Airbus ва ATR компаниялари учоқларини ташкил этади. Бу самолётларнинг аксари 20-30 йил ва ундан ҳам аввал ишлаб чиқарилган. Iran Air авиакомпанияси самолётларининг ўртача ёши 19,1 йилни ташкил этади ва бу жуда ёмон кўрсаткич ҳисобланади. Эроннинг ўзида ҳам самолёт деталлари билан боғлиқ муаммо бор. 2021 йил Эрон авиапаркларидаги самолётларнинг ярми айнан эҳтиёт қисмлари, хусусан, двигателлар етишмовчилиги сабаб тўхтаб қолгани айтилганди.