Ўзбекистон | 11:00 / 04.08.2022
22160
2 дақиқада ўқилади

«Бу мақсад эмас, балки энг юқори чегара» – давлат қарзининг энг юқори миқдори ЯИМнинг 60 фоизидан ошмаслиги белгиланмоқда

4 август куни Сенатнинг 29-ялпи мажлисида маъқулланган «Давлат қарзи тўғрисида»ги қонун билан давлат қарзи суммасининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан энг юқори миқдори 60 фоиздан ошмаслиги белгиланмоқда. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Фото: Kun.uz

Маълум қилинишича, қонун билан давлат қарзи ва унга хизмат кўрсатиш харажатларининг устуворлиги, давлат қарзининг чекланган ҳажмлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг давлат қарзини бошқаришдаги ваколатларини белгилаш назарда тутилган.

Қонун билан давлат қарзи суммасининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан энг юқори миқдори 60 фоиздан ошмаслиги, давлат қарзи ҳисобидан фақат ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш мумкинлиги белгиланмоқда.

Шунингдек, қонун нормаларига мувофиқ президентнинг, Олий Мажлис палаталари, Ҳисоб палатаси, ҳукуматнинг, Марказий банк ва Молия вазирлигининг давлат қарзини бошқариш соҳасидаги ваколатлари белгиланмоқда.

Хусусан, Молия вазирлиги давлат қарзини бошқариш бўйича ваколатли орган этиб белгиланмоқда. Бу борада шаффофликни таъминлаш борасида Молия вазирлиги томонидан давлат қарзининг ҳолати ва ўзгариши тўғрисидаги ахборотлар йилнинг ҳар чорагида ўз расмий веб-сайтига жойлаштирилиши белгиланган.

Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқовнинг маълум қилишича, 1 июль ҳолатига Ўзбекистоннинг давлат қарзи миқдори 25,9 миллиард долларга етган. Унинг 23,2 миллиард доллари ташқи қарз ҳисобланади.

Давлат қарзининг 6 миллиард доллари бюджетни қўллаб-қувватлаш учун, 5,6 миллиард доллари ёқилғи-энергетика соҳасини қўллаш учун, 700 миллион доллари эса таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларини қўллаб-қувватлаш учун ажратилган.

Одилбек Исоқовнинг сенаторларга тушунтиришича, давлат қарзини ЯИМнинг 60 фоизигача қилиб белгиланиши мақсад эмас, балки энг юқори чегара.

«Бу энг юқори чегара, мақсад эмас. Ҳозирги давлат қарзи Ўзбекистон  ялпи ички маҳсулотининг 37 фоизини ташкил қилади. Йил охиригача 40 фоизга етиши кутилмоқда. Биз яна 20 фоиз буфер олганмиз.

Коронавирус пандемияси туфайли юзага келган инқироздан келиб чиқиб, биз яна 10 фоиз буфер кераклиги ҳақида хулоса қилдик. Бу борада хорижий тажрибалар ҳам ўрганилган», - дейди вазир ўринбосари.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид