Россия ТИВ биометрик «загранпаспорт»лар беришни тўхтатди
Россия Ташқи ишлар вазирлиги веб-сайтида ва Россиянинг хориждаги консулликларида биометрик «загранпаспорт» олиш учун аризаларни қабул қилиш тўхтатилди - идора буни «техник сабаблар» билан изоҳлади.
Россия фуқаролари «янги намунадаги» биометрик «загранпаспорт» - биометрик маълумотларга эга бўлган, 10 йил давомида амал қиладиган ҳужжат учун ариза топшириш имкони йўқлигига дуч келмоқда. Россия ТИВ 26 август, жума куни идора консуллик департаменти расмий сайтида эълон қилинган хабарда «техник сабабларга кўра» биометрик маълумотларга эга бўлган ҳужжатларга аризалар қабул қилиш «тўхтатилгани»ни тасдиқлади.
«Техник сабабларга кўра 2022 йил 26 августдан электрон маълумот сақловчи (10 йил амал қилиш муддати) паспортларни бериш учун аризаларни қабул қилиш вақтинча тўхтатилди. Қабулнинг қайта тикланиши кейинроқ эълон қилинади», — дейилади вазирлик хабарида.
Россиянинг хориждаги консулликларида ҳам биометрик паспорт олиш учун аризалар қабул қилиш тўхтатилди. Россия Ташқи ишлар вазирлигининг консуллик ахборот порталидаги хабарда «электрон ташувчини қайта форматлаш зарурати туфайли» ҳужжатлар бериш вақтинча тўхтатилгани кўрсатилган. Шу билан бирга, идора маълумотларига кўра, беш йил муддатга амал қиладиган «загранпаспорт» бериш «белгиланган тартибда ўзгартиришларсиз» давом этмоқда.
Июнь ойида Forbes Россиянинг Рақамли трансформация вазирлиги Россия чипли пластик карталар кўринишидаги ички «рақамли паспортлар» лойиҳасини номаълум муддатга музлатиб қўйганини ёзган эди - нашр манбасига кўра бу мансабдор шахсларнинг ғояни амалга ошириш учун етарли миқдордаги мос келадиган чиплар тўпланиши борасидаги шубҳалари билан боғлиқ.
Украинага кенг кўламли ҳарбий босқин бошланганидан бери мамлакатнинг турли саноат тармоқларида материаллар, қурилмалар ва ресурслар танқислиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Шу тариқа, Россия фармацевтика компаниялари хроматографик устунлар - янги дори воситаларини ишлаб чиқишда ва рўйхатга олинган дори воситаларини ишлаб чиқаришда сифат назорати учун фойдаланиладиган қурилмаларнинг етишмаслигига дуч келмоқда. Алоқа операторлари Владимир Путин режимига қарши киритилган санкциялар туфайли ускуналарнинг етишмаслиги туфайли тармоқларнинг келажакда ишламай қолиши мумкинлигини таъкидлади.
Санкциялар туфайли бутловчи қисмларни сотиб олишнинг иложи йўқлиги туфайли Россия авиакомпаниялари, жумладан, «Аэрофлот» эҳтиёт қисмларни олиш учун самолётни қисмларга ажратишга киришди, дея хабар беради ОАВ. Июнь ойида Россия ҳукумати ушбу чорадан фойдаланишни расман тавсия қилди.