Ўқишга киролмаганлар исталган йўналишда супер-контрактда ўқиши мумкинми?
Супер-контрактда ўқишни истовчилар қачонгача ариза бериши керак? Бунда 5 та йўналишдан хоҳлаганини танласа бўладими? Ҳуқуқшунос, блогер Хушнудбек Худойбердиев шу каби қатор саволларга жавоб берди.
Супер-контракт билан бирга оддий контракт ҳам қўшиб тўланадими?
Биринчи йили фақат супер-контракт суммаси тўланади, оддий (базавий) контракт қўшиб тўланмайди. Иккинчи йилдан бошлаб эса фақат оддий контракт тўланади, супер-контракт тўланмайди.
Супер-контрактда ўқиш учун неча балл олиш керак?
Абитуриент табақалаштирилган тўлов-контрактда ўқиши учун тестга кирган бўлса, кифоя. 1 балл олган бўлса ҳам, қўшимча контрактда ўқиши мумкин. Фақат тўлов суммаси балига қараб фарқ қилади.
Супер-контрактда ўқишни хоҳлаганлар қачонгача ариза бериши керак?
Ҳали супер-контракт учун аризалар қабул қилинмаяпти. Аризани сентябр ойида, ўқишлар бошлангач бериш мумкин.
Аризалар 1 октябрга қадар қабул қилинади. Бу ерда кимнинг биринчи бўлиб ариза бериши аҳамиятсиз. Талабгорлар тўпланган баллга қараб тартибга солинади, яъни аввал юқори балл тўплаганларга имкон берилади.
Ариза бериш учун ОТМга бориш керакми?
Ариза бериш учун ОТМга бориш шарт эмас. Ўтган йилдан супер-контракт учун аризалар онлайн қабул қилинадиган бўлди. Уйдан чиқмаган ҳолда ҳам интернет орқали ариза юбориш мумкин. Бунинг учун ОТМга келиш, кимнидир кабинетида навбат кутиш, кимларгадир илтимос қилиш шартмас. Ариза қабул қилинадиган сайт ишга тушгач, қўшимча хабар қилинади.
Ўқишга кирганлар бошқа йўналишга супер-контрактни танлай оладими? Масалан, биринчи ва иккинчи йўналишга бали етмади, лекин учинчи йўналишга ўқишга кирди. Абитуриент учинчи йўналишда ўқишни истамай, биринчи ёки иккинчи йўналишда супер-контрактда ўқий оладими?
Бу масала ҳозирча очиқ турибди, жорий йилги тартиб тасдиқланмаган.
Ўтган йили абитуриент ўзи танлаган БИРИНЧИ йўналишга кира олмаган, лекин 2, 3, 4 ёки 5-йўналишлардан бирига ўқишга кирган бўлса, унда ўз хоҳиши истисно тариқасида БИРИНЧИ танлаган йўналишида супер-контрактда ўқишига рухсат берилган эди. Бу истисно 2, 3 ёки 4-йўналишга тааллуқли эмас. Яъни 3 га кирган бўлса, 2-йўналишда супер-контрактда ўқий олмасди, фақат БИРИНЧИга рухсат берилганди. Жорий йилги тартиб тадсиқланса, қўшимча хабар берилади.
Ўқишга кира олмаганлар исталган бешта йўналишда супер-контракт қила олишадими?
Ушбу масала ҳозирча номаълум. Аниқ бўлгач, хабар берилади. Ўтган йили бешта йўналишга ҳам ўқишга кира олмаган абитуриентлар исталган бешта йўналишдан бирини танлаб, супер-контрактда ўқишига рухсат берилган эди.
Мавзуга оид
14:13 / 29.08.2024
Супер-контракт нархлари тасдиқланди
15:10 / 07.12.2023
Аввал тест ишлаб, кейин қаерда ўқиш танланади – 2024 йилдан абитуриентлар қабули ўзгаради
15:07 / 03.11.2023
Умумтаълим фанларидан ўқишга тавсия этилган дарсликлар рўйхати эълон қилинди
15:01 / 21.09.2023