Ўзбекистон | 16:49 / 05.09.2022
27933
2 дақиқада ўқилади

Шуҳрат Тешаев қишлоқ хўжалиги вазири биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилди

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги раҳбариятида янги ўзгариш амалга оширилди. 

Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

“Давлат бошқаруви” канали хабарига кўра, Шуҳрат Жўрақулович Тешаев қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилди.

Хабарда унинг бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимини тарк этгани айтилади, бироқ янги хизмат жойи ҳақида маълумот берилмаган.

Шуҳрат Тешаев 1969 йил Бухоро вилоятида туғилган. 1993 йилда Тошкент давлат аграр университетини тамомлаган, маълумоти бўйича мутахассислиги: олим-агроном. У қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор ҳисобланади.

Ш.Тешаев меҳнат фаолияти давомида «Пахта» илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси бош директори, қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг агротехнология масалалари бўйича биринчи ўринбосари сифатида ишлаган.
 
2014-2016 йилларда Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазири бўлган. 2016-2018 йилларда қишлоқ ва сув хўжалиги вазири ўринбосари – Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази бош директори, 2018-2019 йилларда Фарғона вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимида хизмат қилган.

У 2019 йил 26 февралдан бери Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаб келаётганди.

Мавзуга оид