7 сентябрь куни Apple компанияси iPhone 14 линиясидаги янги қурилмалари тақдимотини ўтказди. Тақдимот қанчалик кутилганини уни жонли эфирда 3 миллионга яқин фойдаланувчи томоша қилиб ўтирганиданоқ сезиш мумкин.

Бу сафар компания iPhone’ларнинг мини моделидан воз кечди ҳамда iPhone 14, iPhone 14 Plus, iPhone 14 Pro ва iPhone 14 Pro Max моделларини тақдим қилди.

Фото: Apple

Дастлаб iPhone 14 ва 14 Plus ҳақида

Бу қурилмаларнинг иккаласи ҳам А15 Bionic прoцессори билан жиҳозланган. Бу прoцессор iPhone 13’даги А15 прoцессоридан 25 фоизга кучлироқ. Видеотасвирга олиш стабилизацияси учун Action Mode функцияси қўшилган. Орқа – асосий камералар кам ёруғлик шароитида ҳам 49 фоизга рангларни ёрқинроқ кўрсатади, олд – селфи камера эса 38 фоизга ёрқинроқ. Шунингдек, селфи камерада илк бор автофокус функцияси пайдо бўлган.

Фото: Apple

Бу қурилмалар АҚШ учун жисмоний сим-картасиз чиқади, яъни e-sim карта ёрдамида ишлайди. Шунингдек, АҚШ ва Канадада ноябрь ойидан бошлаб қурилма эгаси фавқулодда ҳолатларга тушганда ва авиаҳалокатлар содир бўлганда спутник орқали хабар қолдириш функцияси ишга тушиши кутилмоқда.

iPhone 14 бозорларда 16 cентябрдан пайдо бўлади ва унинг АҚШдаги нархи 799 доллар. iPhone 14 Plus эса 899 доллардан бошланади ва 7 октябрдан бозорларга чиқиши айтилмоқда.

Асосий кутилган флагманлар iPhone 14 Pro ва Pro Max қурилмаларида ўзгаришлар қаторида эса — Always-on Display функцияси, экраннинг юқори қисмидаги ўзгариш ҳамда яхшиланган камераларни санаш мумкин.