Ўзбекистон | 16:17 / 19.09.2022
16768
3 дақиқада ўқилади

Карнай-сурнай, мушаклар ва қўшиқлар: “Ташаббусли бюджет” ғолиблари ғалабани нишонлаяпти

Ўз солиқлари ҳисобига шаклланган бюджет пулларининг бир қисми ўзининг маҳалласи учун сарфланишига эришган ўзбекистонликлар бу ютуғини катта хурсандчилик билан нишонлаяпти. Кўриниб турибдики, халқ сайлаган депутатлар халқнинг пулини улар хоҳлагандек тақсимлайдиган кунлар келмагунча “Ташаббусли бюджет” каби лойиҳалар жуда керак.

“Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 2022 йилдаги 2-мавсуми якунланди ва энг кўп овоз тўплаган 1418 та лойиҳа ғолиб деб топилди. Молия вазирлиги ғолибларни 18 сентябрь куни эълон қилган бўлса ҳам, овозлар сонидаги фарқларга кўра ғалабасига ишонган маҳаллалар байрамни ундан аввалроқ бошлаб юборган эди.

Интернетда тарқалган видеоларда ғолиб бўлганига ишонган маҳаллалар аҳли буни ўйин-кулги ва катта хурсандчилик билан нишонлаётганини кўриш мумкин.

Ғолиб бўлган лойиҳаларга жами 1 триллион 62 миллиард сўм ажратилиши кўзда тутилган.

Бу сафар ҳам энг кўп лойиҳа Сурхондарё вилоятидан тақдим этилди (13 691 та). Хоразм вилояти, Тошкент шаҳри ва Бухоро вилоятида ҳам бошқа ҳудудларга қараганда кўпроқ ташаббуслар илгари сурилди. Республика бўйлаб жами 60 мингга яқин лойиҳа саралаб олиниб, овозга қўйилди.

Фото: Молия вазирлиги

Ташаббусларнинг 32 фоизи ички йўлларни таъмирлаш, 13 фоизи мактабларни таъмирлаш ёки жиҳозлаш, 12 фоизи эса кўча чироқларини таъмирлаш ва ўрнатишга доир.

Фото: Молия вазирлиги

Аввалги мавсумларда бўлганидек, бу сафар ҳам одамлар ўзлари тўлаётган солиқлардан йиғилган пуллар ўзлари истаган жойга сарфланишига эришиш учун ҳаракат қилишди. Фаоллар маҳаллаларда, жамоат жойларида, ижтимоий тармоқларда тарғиботнинг турли усулларидан фойдаланиб, ўз таклифларига пул ажратилиши учун овоз тўплади. Айрим жойларда битта овоз учун 5 минг сўмдан 10 минг сўмгача тўланди, яна баъзи маҳаллаларнинг вакиллари текин ичимликлар улашди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Молия вазири Тимур Ишметовнинг Twitter'да ёзишича, “Ташаббусли бюджет”нинг 2-мавсумида Ўзбекистондаги жами маҳаллаларнинг 98 фоизи (9201таси) иштирок этган.

Вазирга кўра, ортда қолган уч мавсум давомида билдирилган 100 мингдан ортиқ таклифлар асосида аҳолининг энг долзарб муаммоларини ўрганишга ёрдам берадиган “очиқ маълумотлар базаси”ни шакллантирилмоқда.

“Давлат раҳбарининг аҳоли билан бамаслаҳат қилинадиган лойиҳалар кўламини кенгайтириш билан боғлиқ топшириқларига асосан, “Ташаббусли бюджет” такомиллаштириб борилади”, – деди Тимур Ишметов.

Мадина Очилова тайёрлади.

Мавзуга оид