Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида жойлашган Тўдакўл сув ҳавзаси бўйича 4 йилдан буён давом этаётган можаро тобора чигаллашиб бормоқда: Олий суд олдинги суд қарорларини бекор қилиб, ишни қайта кўриш учун Зангиота туманлараро иқтисодий судига юборди. Kun.uz олдинроқ ушбу мавзу бўйича мақола эълон қилганди.

Қўлдан-қўлга ўтган Тўдакўл

Можаро сабаби Тўдакўлни ижарага олиш билан боғлиқ. 2004 йилда “Shams-Navoiy” корхонаси “CASEF” жамғармаси билан “Aqua-Tudakul” Ўзбекистон-Америка қўшма корхонасини ташкил этган ва ўтказилган тендерда Тўдакўл сув ҳавзасини 18 йил муддатга ижарага олиш ҳуқуқини қўлга киритган.

“Aqua-Tudakul” қўшма корхонасининг 18 йиллик ижара шартномаси 2022 йилда тугаши керак эди. Аммо 2018 йилда табиий сув ҳавзалари доимий равишда танҳо фойдаланиш учун “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасига берилгач, уюшма Тўдакўлни ижарага бериш учун 2018 йил январ ойида қайта тендер ўтказган. 4 та фирма ўз таклифлари билан қатнашган тендерда “Aqua-Tudakul” қўшма корхонаси яна ғолиб бўлган ва “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси билан 10 йиллик шартнома имзолаган.

Орадан қарийб 3 ой ўтиб, 2018 йил апрел ойида “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси шартномани бекор қилиш ва танлов ўтказиш ҳақида буйруқ қабул қилган. Май ойига келиб эса қайта тендер “ташкил этилган” ва Тўдакўл “Golden Lake Fish” МЧЖга ўтган.

“Aqua-Tudakul” МЧЖ “SHAMS-NAVOI” XК ва “Central Asiya Small Enterprise F” (CASEF) жамғармасининг таъсисчилигида очилган. Ушбу қўшма корхона 2018 йилга қадар 14 йил давомида Тўдакўл сув ҳавзасидан фойдаланиб келган. “Golden Lake Fish” МЧЖ эса тендер ўтказилишидан бор-йўғи 16 кун олдин, 2018 йил 7 май куни давлат рўйхатидан ўтказилган.

Қарийб 46 млрд сўмлик зарар

Тўдакўл янги ижарачига берилганида унда олдинги ижарачи – “Aqua-Tudakul” Ўзбекистон-Америка қўшма корхонаси томонидан етиштирилган балиқ бўлган. Масаланинг суд ишида кўрилаётган асосий нуқтаси айнан шу. 

Даъвогар – “Aqua-Tudakul” Ўзбекистон-Америка қўшма корхонаси етказилган моддий зарар миқдори 45,8 млрд сўм эканлигини, кўлда балиқ етиштириш учун уни 2011-2017 йилларда ҳар йили ўртача 125 тонна чавоқ билан балиқлантирганини айтмоқда. Қўшма корхона бу важга кўплаб далиллар, жумладан, солиқ ва статистика ҳисоботларини, баҳолаш хулосаларини тақдим этган.

Жавобгарлар – “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ҳамда “Golden Lake Fish” МЧЖ вакиллари эса табиий муҳитга чиқариб юборилган ҳайвонлар давлат мулки ҳисобланишини, даъвогар табиий ҳудуддаги балиқларни қонунчиликка зид равишда ўзининг мулки сифатида эътироф этаётганлигини таъкидлаяпти.