Тошкентнинг Чилонзор туманида жойлашган, халқ тилида “Ўзбекфильм” кўчаси деб аталадиган маҳаллада, Бўрижар канали бўйида яшайдиган аҳолидан таҳририятимизга мурожаат бўлди. Ҳудуддаги қурилишлардан азият чекаётган аҳолининг дардига қулоқ тутдик.
Уларнинг айтишича, “Seoul Mun” деб аталган лойиҳа доирасида неча йилдирки олиб борилаётган ишлар туфайли азият чекмоқдалар.
“Мутасаддилар бирор қурилиш учун имзо чекиб беришдан олдин келиб аҳоли билан учрашиб, ҳақиқий ҳолатни ўргансалар бўлмайдими? Биздан ҳам кимдир фикр сўрайдими?” дейди маҳалла фуқароси Шаҳзода Ғаниева. Унинг айтишича, нариги соҳилда олиб борилган бузиш-қуриш ишларидаги зарбалар туфайли аҳоли уйларининг деворлари ёрилган, чўккан. Қолаверса, қурилиш оқибатида кўтарилган чангдан аллергик касаллар орттириб олишган.

“Бу ҳам етмагандек, тозалаш, текислаш ишлари олиб бориш баҳонасида қирғоқдаги дарахтларни йўқ қилиб ташлашди. Мана энди уйларимизга яқин жойдаги ерларни ўраб олишяпти”, дейди яна бир фуқаро.
Воқеа жойига етиб келган фаоллар бу ерда дарахтлар кесилиши ҳолатлари бўйича аҳолининг фикрларига қулоқ тутди ва бу борада фикрларини билдирди. Депутат Расул Кушербаевга кўра, ҳудудда 700 тупга яқин дарахт йўқ қилиб юборилган ва бу иш бўйича жиноят иши қўзғатилган.


Мораторий вақтида биргина ҳолатнинг ўзида юзлаб дарахтлар йўқотилганини Kun.uz билан суҳбатда Тошкент шаҳар экология бошқармаси Назорат-инспекция бўлими бошлиғи ўринбосари Исматилла Муслимов ҳам тасдиқлади.
Маълумотларга кўра, “Seoul Mun” лойиҳаси учун ажратилган ҳудуд “Ozun Tashkent Construction” МЧЖ ХКга берилган. Муслимовнинг айтишича, қурилиш ишлари бошланишидан аввал ўтқазилган экологик экспертиза натижасида қурувчи компанияга бажарилиши шарт бўлган 20дан ортиқ талабларни ўз ичига олган экологик хулоса берилган. Экологлар дарахтларни кўчириб ўтқазишга рухсат берган, лекин кўчириб ўтқазилган дарахтлар қуриб қолса ёки кўчирилмасдан кесилса, жавобгарлик борлиги ҳақида огоҳлантирган.


















