Шанба куни Россия Мудофаа вазирлиги армия генерали Сергей Суровикин Украинадаги махсус ҳарбий операция ўтказилаётган ҳудудда мавжуд қўшинлар бирлашган гуруҳи қўмондони этиб тайинлангани ҳақида маълум қилди. Унинг тайинлови Рамзан Қодиров ва Евгений Пригожин томонидан олқишланди, ҳуқуқ фаоллари ва британиялик ҳарбийлар эса азалдан унинг ҳаддан ташқари шафқатсизлиги ҳақида айтиб келишади.

Сергей Суровикин 1966 йил 11 октябрда Россиянинг Новосибирск ҳудудида туғилган. Ҳарбий хизмат учун ордени, Қизил Юлдуз, Жасорат орденларига лойиқ кўрилган. У махсус топшириқли бўлинмалар таркибида Афғонистондаги урушда, Тожикистондаги қуролли можарода ва иккинчи чечен урушида ҳам қатнашган. 

У илк бор 1991 йил августида, Москвада Борис Елцин тарафдорлари ва СССРни сақлаб қолмоқчи бўлган ҳарбийлар тўқнашуви вақтида Россия нашрлари саҳифаларида кўриниш берганди. Ўшанда капитан унвонида бўлган Суровикин «Москвада конституциявий тузумни тиклаш»га ҳаракат қилган кучлар буйруғи билан Садовое ҳалқа йўлидаги туннелда Оқ уйни ҳимоя қилган кучлар билан тўқнашган Таман дивизияси жанговар пиёдалар машиналари (БМП) колоннасига қўмондонлик қилган.

Суровикин унга йўл бўшатишни талаб қилади ва огоҳлантирувчи ўт очади, аммо ҳарбийларга тош ва бутилкалар улоқтиришади. Суровикин ёриб ўтишга буйруқ беради, шундан кейин бир неча ҳарбий машина баррикадани бузиб ўтиб, туннелга киради, Оқ уй ҳимоячилари эса қолган машиналарга чиқиб олишади. Натижада машиналардан бири уч кишини босиб ташлайди - москвалик Дмитрий Комарь, Илья Кричевский ва Владимир Усов ҳалок бўлади.

Исёндан кейин Суровикин етти ой давомида судни кутиб, «Матросская тишина» тергов изоляторида ётади. Аммо якунда у фақат буйруқни бажаргани туфайли унга қўйилган айбловлар олиб ташланади.

1995 йилда, Фрунзе номидаги ҳарбий академия тингловчиси эканида Суровикин тўппончани сотиб юборгани бўйича айблов билан судга тортилади. У айбловни тан олмайди ва ўзини «подстава» қилишганини айтади. Москва гарнизони ҳарбий суди уни ноқонуний қурол савдосига оид уч модда бўйича айбдор деб топади. Суровикин шартли жазога ҳукм қилинади, кейинроқ судланганлик ҳолати олиб ташланади.

2002 йилда Суровикин Бош штаб ҳарбий академиясини тамомлайди, икки йил ўтиб яна можарога аралашиб қолади. Бу вақтда Екатеринбургдаги дивизия командири сифатида хонасига ўз ўринбосари, полковник Андрей Штокални чақиради, у эса хонада ўзини отиб қўяди, ОАВда ёзишларича, бу «хонадаги баланд овозлар»дан кейин бўлган. Бундан олдинроқ, ўша йил мартида - маҳаллий сайловлар фонида Суровикиннинг ушбу ҳамкасби у ва яна бир қанча катта зобитларни сиёсий қарашлари учун уни калтаклашгани ҳақида айблаганди. Кейинроқ у прокуратурадан аризасини қайтариб олганди.