Бош вазир Лиз Трасснинг истеъфога чиқиш ҳақидаги баёнотидан кейин Буюк Британия Консерватив партиясида етакчилик учун яна кураш бошланди. Юқори мартабали торилар партиядошлари орасида тарафдор йиғишга киришди, экспертлар фикрича, партия раҳбарлиги ҳамда бош вазирлик учун эҳтимолий номзодлар ҳукуматнинг собиқ раҳбари Борис Жонсон, собиқ молия вазири Риши Сунак ва Жамоатлар палатаси раиси Пенни Мордонт ҳисобланади.

Бу уч сиёсатчининг ҳеч бири ҳозирча бош вазирлик пойгасида иштирок этиш нияти ҳақида расман эълон қилмади.

Лиз Трасс пайшанба куни ўзининг иқтисодий сиёсати муваффақиятсизликка юз тутиши фонида истеъфо берди, у Буюк Британия бош вазирлигида олти ҳафтага яқин муддат қола олди. Янги бош вазир номи кейинги жума куниёқ маълум бўлиши кутилмоқда.

Душанба куни соат 14:00 га қадар номзодлар камида юз нафар консерватор депутат қўллаб-қувватловига эришиши керак. Агар бунга фақат бир сиёсатчи эриша олса, у автоматик равишда бош вазирга айланади. Агар номзодлар сони бир неча нафарни ташкил этса (парламентарий-торилар сонидан келиб чиққан ҳолда, пойгада кўпи билан уч нафар сиёсатчи қатнашиши мумкин), уларнинг номзодлари Консерватив партиянинг барча аъзолари томонидан овоз беришга қўйилади.

Лиз Трасс Буюк Британия бош вазирлигидан истеъфо берди. У бу лавозимда икки ой ҳам ишлай олмади

Ҳокимиятдаги 45 кун. Трасснинг истеъфосига нималар сабаб бўлди?

Жонсоннинг имкониятлари қандай?

Унинг курашга қўшилиш-қўшилмаслиги ҳозирча аниқ эмас, аммо мутахассислар ёзда шов-шувли можаро билан бош вазирликдан кетганига қарамай, унинг имкониятлари ёмон эмаслигини айтишмоқда. Пайшанба куни Жонсон Кариб оролларидаги таътилини барвақт якунлаб, зудлик билан Лондонга қайтаётгани маълум бўлди.

Фото: LEON NEAL/ GETTY IMAGES NEWS

«Мен сўнгги 24 соат ичида ўз фикримни ўзгартирдим. Ўзим чиндан ҳурмат қиладиган ва одатда рақамлар борасида жуда яхши бўлган икки-уч кишидан эшитдимки, у нафақат 100 талик нуқтадан ўтади, балки 140 нафарга яқин депутат унинг номзодини қўллаб-қувватлаши мумкин», деди Консерватив партия тарафдорларининг ConservativeHome сайтига асос солган Тим Монтгомери BBC Radio’4 нинг Today эфирида.