Ўзбекистон | 09:35 / 23.10.2022
70557
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда бош ҳамшира калтакланди. Бу сўнгги 10 кунда шифокорларга учинчи ҳужум

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Сурхондарё вилоятидаги шифохонада ҳамшира фарзанди олдида ваҳшийларча калтаклангани ҳақидаги видеолавҳа юзасидан маълумот берди.

«Маълум бўлишича, Денов туман сил касалликлар шифохонаси бош ҳамшираси Д.И. ва мазкур даволаш муассасаси физиотерапия бўлими ҳамшираси С.Т.нинг шахсий адовати сабаб, жорий йил 18 октябр куни эрталаб соат 10:00 лар атрофида зиддиятли ҳолат юзага келган. Ушбу ҳолатга С.Т.нинг яқинлари ҳам аралашиб, шифохона бош ҳамширасига тан жароҳати етказган. 

Тиббиёт ходимларининг одоб-ахлоқ қоидаларига зид хатти-ҳаракатларни содир этган ҳамширалар вақтинча ишдан четлаштирилди. Шу билан бирга калтакланган ҳамшира қизининг руҳий ҳолати ва соғлиғи мутахассислар назоратига олинган.

Айни пайтда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ушбу ҳолат  юзасидан тегишли суриштирув ишлари олиб борилиб, воқеа сабаблари аниқланмоқда», дейилади хабарда.

Қайд этиш керакки, бу Ўзбекистонда тиббиёт соҳаси вакилларига октябр ойи давомида қилинган учинчи ҳужум бўлди. 12 октябр куни Тошкент шаҳар Яккасарой туманидаги хонадонлардан бирида ўз хизмат вазифасини ўтаётган «Тез ёрдам» ходимига беморнинг ўғли томонидан жароҳат етказилганди. 

16 октябр куни эса Тошкент шаҳар Миробод туманида чақирувга келган «Тез ёрдам» ходими ва 64 ёшли ҳайдовчиси калтакланганди.

Мавзуга оид