Компаниянинг чорак ичидаги тушуми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8 фоизга ўсган ва 90,1 млрд долларлик рекорд кўрсаткичга етган. Соф фойда 20,7 млрд ёки ҳар бир акцияга 1,29 доллардан тушган.
Компания ишлаб чиқараётган маҳсулотлар бўйича кўрсаткичлар қуйидагича:
- iPhone: 42,63 млрд доллар;
- Mac: 11,51 млрд доллар;
- iPad: 7,17 млрд доллар;
- Олиб юриладиган қурилмалар, уй учун гаджетлар ва аксессуарлар: 9,65 млрд доллар;
- Сервислар: 19,19 млрд доллар.
«Сентябр чорагидаги бизнинг рекорд кўрсаткичларимиз мураккаб ва беқарор макроиқтисодий фонга қарамасдан, самарали ишлай олишимиздан далолат беради», — деган Apple молия директори Лука Маэстри.
Молия йили ичида Apple 394,3 млрд доллар ишлаб топган ва бу ўтган йилгидан 8 фоизга кўпроқ. Соф фойда ҳам рекорд ўрнатган ва 99,8 млрд долларга етган.

















