Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги томонидан чўл ҳудудларида жанговар ҳаракатларни олиб бориш, қўшинларнинг нотаниш ҳудудларда жойлашуви ҳамда ҳар томонлама таъминотини ташкил этиш масалаларига қаратилган кўргазмали ўқув машғулоти ташкил этилди.
Машғулот Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказида чўл шароитида жанговар ҳаракатларга тайёргарлик кўришнинг ўзига хос томонларини тадқиқ этиш мақсадида ўтказилган илмий-амалий конференция билан бошланди. Унда мудофаа вазирининг жанговар тайёргарлик бўйича ўринбосари полковник Қодир Турсунов, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳод Шерматов, вазирлик ҳамда ҳарбий округларнинг масъул офицерлари, Қуролли кучлар куч тузилмалари вакиллари иштирок этди.

Чўлларнинг табиий-иқлим шароити одамнинг яшаши ва фаолияти учун унчалик қулай бўлмаган ҳудуд саналади. Аммо кўплаб замонавий урушлар бугунги кунда чўл ҳудудларида олиб борилаётгани сабаб қўшинларнинг саҳрода ҳаракат қилиши ва жанг олиб боришининг ўзига хосликларини тадқиқ этишни тақозо этади.

Дунё бўйлаб ҳар йили 12 миллион гектар, 1 дақиқада эса 23 гектар ер чўлланади. Айни вақтда ер юзининг қарийб 75 фоизи чўлланиб қолган. Чўлланган сувли ҳудудларнинг 87 фоизи охирги 300 йил ичида шундай ҳолга келган. Охирги ҳисоботларга қараганда, Ўзбекистон ҳудудининг 70 фоизидан кўпроқ қисми чўлдан иборат.

Ўсимлик дунёсининг камлиги, шамол ва тўғридан-тўғри қуёш нурларини тўсувчи тўсиқларнинг йўқлиги, сув топиш имконияти мавжуд эмаслиги ҳам чўл шароитида жанговар ҳаракатларни олиб боришда қўшинларга қўшимча ноқулайликлар яратиши мумкин.
Илмий-амалий конференция ишида чўл шароитида мудофаа жангини олиб боришда бўлинмаларни тайёрлашнинг ўзига хосликлари, шахсий таркибнинг психологик зўриқишларини ечиш, чўлда ҳаракатланиш ва жанг олиб бориш учун техникаларни тайёрлаш, моддий-техник таъминотни ташкил этиш, махсус қўшинларни қўллаш ҳамда алоқани ташкил этиш, артиллерия имкониятидан фойдаланиш ҳамда жанговар тайёргарликнинг бошқа масалалари хусусида мутахассисларнинг маърузалари тингланди.
Дунё бўйлаб чўл ҳудудларида ўтказилган жанговар операциялар ва уларнинг натижалари чуқур таҳлил этилиб, тадқиқот натижалари атрофлича муҳокама этилди. Чўл шароитида мудофаа жангини ташкил этиш бўйича зарур таклиф ва тавсиялар берилди.



















