Ўзбекистон | 13:07 / 02.11.2022
36894
3 дақиқада ўқилади

Сардор Умрзоқов: “Мактаб ерини бошқаларга берганлар - келажакка инвестицияни сариқ чақага сотганлардир” 

Таълим масканлари тасарруфидаги бинолар ва ер участкалари Халқ таълими вазири рухсатисиз бошқаларга ўтказилмаслиги бўйича махсус қарор бўлишига қарамай 198 та ҳолатда 70 гектар ер майдони ва 19 та бинолар ҳокимлар қарори билан мактаблардан олиб қўйилган ёки ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган.

Фото: Президент администрацияси

Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг махсус топшириғига асосан 1 ноябрь куни президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов раислигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди ва унда халқ таълими соҳасида юзага келган муаммолар муҳокама қилинди. 

“Давлатимиз раҳбари бундай ҳолатлар бўлиши мумкинлигини олдиндан билиб, 2018 йилдаёқ №3931 рақамли қарорга имзо чекканлар. Унга кўра мактаблар тасарруфидаги ер майдонлари ва бинолар фақат Халқ таълими вазири розилиги билангина олиниши мумкин.

Лекин ўрганишлар шуни кўрсатдики, ҳамма ўзича мактаб ерига эгалик қилгиси келяпти. Эътибор беринг – таълим масканлари тасарруфидаги бинолар ва ер участкалари Халқ таълими вазири рухсатисиз бошқаларга ўтказилмаслиги бўйича алоҳида қарор бўлишига қарамай 198 та ҳолатда 70 гектар ер майдони ва 19 та бинолар ҳокимлар қарори билан мактаблардан олиб қўйилган ёки ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган. Айниқса Андижон вилоятида 25, Самарқандда 7,6, Қашқадарёда 7 гектардан ортиқ майдон вазир билан келишилмасдан, ҳокимликлар қарори билан ўзгалар тасарруфига ўтиб кетган.

Марказларда, кўпчиликка қулай жойда жойлашган ер майдонлари қандай қилиб берилганини билиш учун катта ақл шарт эмас”, – деди Сардор Умрзоқов йиғилганларга қарата.

Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов айни пайтда 6,4 млн ўқувчи бўлгани ҳолда 5,2 млн ўқувчи ўрни борлиги, яна ҳар йили ўртача 200 минг ўрин яратиш зарурлигига эътибор қаратди. Шунингдек, вазир юқоридаги ҳолатлар бўйича бош прокуратурага хат киритилганини ва жиддий ўрганиш олиб борилаётганини билдирди.

“Мактаб ерини бошқаларга берганлар келажакка инвестицияни сариқ чақага сотганлардир. Аҳолимиз сони ўсишини кўряпсизлар. Мактаблар ҳозирдан катта юклама билан ишлаяпти. Ҳозир давлат раҳбари томонидан янги бинолар қуришга катта маблағ ажратилган. Мактаблар ерини бериб юбораверсак, эртага биноларни қаерда қурамиз? Мана шу 198 та ҳолатнинг ҳар бири ўрганилиб, ахборот берилсин”, – дея администрация раҳбари сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.    

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов вазиятга шундай изоҳ берди:

“Бу ерларнинг ҳаммаси ноқонуний олинган деб бўлмайди. Андижон вилоятида бундай ерлардан одатда давлат-хусусий шерикчилик асосида фойдаланиляпти. Мисол учун Булоқбоши туманидаги мактабнинг 5,5 гектар майдони бор. Бу жуда катта ер. Биз унинг бир четида ДХШ асосида цех очдик ва 200 кишини иш билан таъминладик. Лекин ҳурматли Сардор Ўктамович кўрсатиб ўтган ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, ерни сотиб юбориш каби ҳолатларга ҳам бир пайтлар афсуски, йўл қўйилган. Биз буларнинг ҳар бирини ўрганиб, жой-жойига қўйиб қўямиз”.

Йиғилишда бош прокуратурага вазиятни назоратга олиш ва қонуний чоралар кўриш, ерларни қайтариш бўйича судга даъво аризалари киритиш вазифаси юкланди.

Мавзуга оид