Самарқандда ўтаётган Ўзбекистон иқтисодий форуми доирасида биринчи ялпи мажлис бўлиб ўтди. Унда Украинадаги урушнинг мамлакатлар иқтисодиётига таъсири мавзуси ҳам муҳокама қилинди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

“Ўзбекистон – ривожланаётган, қарз олувчи давлат”

Жамшид Қўчқоров / Фото: KUN.UZ

Жамшид Қўчқоров, бош вазир ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири:

— Ҳозирда мураккаб бир даврда яшаяпмиз. Геосиёсий вазиятнинг ёмонлашиши сабабли глобал бозорларда ва таъминот занжирларида узилишлар кузатилди. Озиқ-овқат нархлари ошди. Жаҳон банкидаги ҳамкасбларимиз билан биргаликда, ушбу ҳолатнинг Ўзбекистонга таъсирини ҳам муҳокама қилдик.

Биз учун биринчи даражада хавотирли вазият – озиқ-овқат нархларининг ошиши билан боғлиқ эди. Кўплаб мамлакатларда озиқ-овқат чекловлари ўрнатилди. Бугунги кунга келиб вазият анча яхшиланди, қўшниларимиз ва савдо ҳамкорларимиз билан бу мураккаб жараёнда биргаликда ҳаракат қилдик.

Дастлаб Россиядан пул ўтказмалари ҳажмининг тушиб кетишидан хавотир бўлган эди, аммо бундай бўлмади. Умумий ҳолатимизни яхшилаш учун қўшимча имкониятларни ўрганиб чиқяпмиз.

Илғор ривожланган давлатлар ҳам рецессия хавфи ҳақида гапирмоқда. Ўзбекистон – ривожланаётган, қарз олувчи давлат. Ҳозиргача 3,7 фоиз облигацияларимизни чиқардик. Улар иккиламчи бозорда 8,5 фоиз маржа билан сотилмоқда. Бу ҳам биз учун яхши кўрсаткич. Ўзбекистон ҳам жаҳон иқтисодиётининг бир қисми, бўлаётган жараёнлардан четда тура олмаймиз.

“Марказий Осиё мамлакатлари сиёсий алоқаларни ҳам яхшилаши зарур”

Жиҳод Азур / Фото: KUN.UZ

Жиҳод Азур, Халқаро валюта жамғармасининг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё департаменти директори:

— Жорий йилда озиқ-овқатнинг қимматлиги ва мавжудлигидан ташқари, уни сотиб олиш ҳам муаммога айланди. Жаҳонда юз бераётган буҳронлар барча мамлакатларга ўз таъсирини ўтказди. Шу сабабдан қандай қилиб ўрта муддатли истиқболда вазиятни яхшилаш мумкинлиги бўйича ишлаяпмиз. Бунинг учун тузилмавий ислоҳотлар керак. Таъминот манбаларини диферсификация қилиб, қўшимча манбалар топишга ҳаракат қилиниши зарур.