Мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш учун туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари таркибида камида 10 ўринли туманлараро тиббий ёрдам кўрсатиш пунктлари ташкил қилинади. Тиббий ёрдам кўрсатиш пунктларида ички режим ҳамда жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар олдини олиш ва бартараф этиш мақсадида Миллий гвардия қўриқлаш бўлинмалари ташкил этилади.

Ички ишлар органлари ходимлари томонидан тиббий ёрдам кўрсатиш пунктларига жамоат жойларида (яшаш жойидан олиб бориш бундан мустасно) мастлик ҳолатидаги шахсларни тиббий ёрдам кўрсатиш пунктларига олиб бориш учун қуйидаги мезонлар асос бўлади: шахс мақсадли ҳаракатлар содир этиш ёки ўзи мустақил ҳаракатланиш қобилиятини йўқотгани (бирор жойда ётган ёки ўтирган ҳолати); шахс уйқучанлиги, уйғотиш қийинлиги; шахс тикка ҳолатда мустақил тура олмаслиги; нутқи ноаниқ, тушунарсиз, ўзаро боғлиқ бўлмаган узуқ-юлуқ алоҳида сўзлардан ташкил топиши (ғулдураши); саволларни яхши тушунмаслиги, қаердалигини аниқ англаб етмаслиги.

Мастлик ҳолатидаги шахслар ички ишлар органлари ходимлари томонидан аниқланади ва тиббий ёрдам кўрсатиш пунктларига олиб борилади. Мастлик ҳолатидаги шахс тиббий ёрдам кўрсатиш пунктида 12 соатгача бўлганда далолатнома, 12 соатдан кўп вақт бўлганда ва тиббий кўрсатмалар мавжуд бўлган ҳолларда касаллик тарихи расмийлаштирилади. Тиббий ёрдам кўрсатиш пунктига олиб келинган мастлик ҳолатидаги шахсларни сутка тунги вақтида (соат 23:00 дан 06:00 гача) ёки йил совуқ даврида чиқариб юбориш улар қариндошлари кузатувида амалга оширилади.