ЖЧ-2022 бошланишига 11 кун қолди. Бугундан турнир фаворитлари ҳақида сўз юритамиз. Таништирувни энг кўп марта чемпионликни қўлга киритган Бразилия миллий жамоасидан бошлаш мантиқан тўғри бўлади. Устига-устак, ғолибликка даъвогарлардан ҳозирча фақат «пентакампеонлар» якуний таркибни эълон қилишди.

ФИФА рейтингидаги ўрни — 1

ЖЧ-2022га йўл — 14 ғалаба, 3 дуранг, 0 мағлубият, тўплар нисбати — 40:5

Саралаш турниридаги энг яхши тўпурар — Неймар (8)

ЖЧдаги энг яхши натижаси — чемпионлик (1958, 1962, 1970, 1994, 2002)

Таркиб

Бразилия миллий жамоасининг якуний 26 кишилик қайдномасидан қуйидаги футболчилар ўрин олди.

Дарвозабонлар: Алиссон («Ливерпул»), Эдерсон («Манчестер Сити»), Уэвертон («Палмейрас»);

Ҳимоячилар: Алекс Сандро, Бремер, Данило (барчаси – «Ювентус»), Алекс Теллес («Севилья»), Дани Алвес («Пумас»), Эдер Милитао («Реал»), Маркиньос («ПСЖ»), Тиаго Силва («Челси»);

Яримҳимоячилар: Каземиро, Фред (иккиси ҳам – «Манчестер Юнайтед»), Эвертон Рибейро («Фламенго»), Фабиньо («Ливерпул»), Лукас Пакета («Вест Ҳэм»), Бруно Гимараэс («Ньюкасл»);

Ҳужумчилар: Антони («Манчестер Юнайтед»), Габриэл Мартинелли, Габриэл Жезус (иккиси ҳам – «Арсенал»), Неймар («ПСЖ»), Педро («Фламенго»), Рафинья («Барселона»), Ришарлисон («Тоттенҳэм»), Родриго, Винисиус Жуниор (иккиси ҳам – «Реал»).

Чақирилганларнинг деярли ярми (12) АПЛда тўп тепади. «Реал», «МЮ» ва «Ювентус»дан 3 нафардан ўйинчи таклиф қилинган.

Саралаш мобайнида жалб этилган Роберто Фирмино («Ливерпул»), Габриэл Магальяэс («Арсенал»), Матеус Кунья («Атлетико»), Эмерсон Роял («Тоттенҳэм»), Ренан Лоди («Ноттингҳем Форест») каби футболчилар мундиалга йўл олган таркибдан тушиб қолишди. Филиппе Коутиньо («Астон Вилла») эса жароҳат сабаб турнирни ўтказиб юборадиган бўлди.

Таркибдаги энг ёши катта футболчи — Дани Алвес. Мексика чемпионатида ҳаракат қилаётган 39 ёшли қария агар ЖЧда майдонга тушса, миллий жамоа рекордини янгилайди. Ҳозирча Бразилия сафида ушбу турнирда ўйнаган энг ёши катта футболчи Жальма Сантосдир — 37 ёш, ЖЧ-1966да.