Марҳум аскарнинг отаси Ринат Саулетовнинг Kun.uz’га маълум қилишича, ўғлининг ўлими бўйича қўзғатилган жиноят иши 24 сентябрда тугатилган.

“Дастлабки терговда барча ҳолатлар тўла, ҳар томонлама ва холисона текширилиб, якунига кўра Р.Қидиралиевнинг вафотида бирор бир шахснинг ҳаракатларида жиноят таркиби аниқланмагани сабабли жиноят иши 2022 йил 24 сентябрь куни ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига (Гумон қилинувчининг қилмишида жиноят таркиби бўлмаса) асосан тугатилди.

Тергов натижаларига кўра, аниқланган қонунбузилиши, унинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб берган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида ССВ, Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий клиник госпитали бошлиғи ҳамда Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий Ҳаво Кучлари қўшинлари қўмондонлигига тақдимномалар киритилди”, дейилади Қарши ҳарбий прокуратураси ҳудудий ҳарбий прокурори С.Ашрапов имзоси билан марҳумнинг ота-онасига юборилган расмий хатда.

Ринат Ссаулетов, марҳум аскарнинг отаси / Фото: Kun.uz

Ринат Саулетов тергов ва суд-тиббий экспертиза натижасидан қониқмай юқори турувчи инстанциялар, жумладан, Олий Мажлис Сенати ва Президент администрациясига арз қилгани, мурожаатларига ушбу идоралардан эмас, балки Ҳарбий прокуратурадан жавоб келганини айтмоқда.

“Р.Қидиралиевнинг жасадини кўрикдан ўтказиш ҳамда суд-тиббий экспертиза давомида марҳумнинг оёғидаги, шунингдек, бурнининг ўнг томонидаги қизил доғлар унга нашатир спирти ёрдамида биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш чоғида юзага келгани аниқланди. Жасадни кўздан кечириш вақтида, мурожаатларингизда кўрсатилган бошқа тан жароҳатлари аниқланмади, марҳумнинг танасидаги бошқа ўзгаришлар суд-мед эксперт томонидан жасадни ёриб кўрилиши натижаси ҳисобланади. Оёқнинг ўнг томонидаги кўкариш шаклидаги тан жароҳатлари ўлим сабаби ҳисобланмайди.

Суд тиббий экспертизаси комиссияси хулосасига кўра Р.Қидиралиевнинг ўлими трахеобронхомаляция деб номланувчи туғма касаллик ва ўткир нафас етишмовчилиги натижасида рўй берган. Шулардан келиб чиққан ҳолда 2022 йил 24 сентябрь куни ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига (Гумон қилинувчининг қилмишида жиноят таркиби бўлмаса) асосан жиноят иши тугатилган”, дейилади Республика ҳарбий прокурорининг биринчи ўринбосари Б.Худойбердиев имзоси билан марҳумнинг ота-онасига юборилган жавоб хатида.