Жамият | 15:00 / 19.11.2022
41982
5 дақиқада ўқилади

Аёлга зўравонлик ҳақиқий эркакнинг иши эмас. Аҳволимиз ҳақида борича

Кунда-кунора аёлларга нисбатан зўравонликларни эшитяпмиз. Бу шунчаки сўкиш, уриш, пулсиз қолдириш тарзидаги зўравонлик эмас, бу инсон ҳаётига нуқта қўйиш – ўлдириш, болаларни етим қилиш. Аёллар ҳақида аёллар подкастида аянчли муаммо оқибатлари ва ечимлари муҳокама қилинди.

Нигора Адизова, “Сукут сақлама” (Nemolchi.uz) лойиҳаси мутахассиси:

— Лойиҳамизга беш йил ичида беш мингдан ортиқ аноним мурожаатлар йўлланган. Бизда эр-хотин муаммосига бу уйда ҳал қилинадиган масала деб қаралади. Аёллар зўравонликка учраганда кимга ёки қаерга мурожаат қилишни билишмайди. Участка нозирига борса, у эркак киши ва бу вазиятга аралашмасликни маъқул кўради. Нозир уни ҳимоя қилмагандан кейин аёл бошқаларга мурожаат қилиши бефойда деб ўйлайди.

Биринчи навбатда участка нозирлари, хотин-қизлар билан ишлайдиган нозирларнинг ишлаш тизимини ўзгартиришимиз керак.

Бизда хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилиш механизми йўқ. Калтакланган, қочишга жой, нажот излаётган аёл “102”га мурожаат қилганда унинг уй манзили, шахси ҳақида маълумотлар сўралади. Мурожаатчининг кимлиги қандай аҳамиятга эга бу ерда? Манзилни аниқлаш тизими орқали мурожаат йўлланган жойни аниқлаш мумкин-ку!

Энг ёмони бу ҳолатлар маиший низо деб ниқобланяпти. Бу маиший низо эмас, чунки одам ўлдириш, қотилликка етаклаяпти.

Лола Саидова, юридик фанлари доктори, профессор, халқаро эксперт:

— Ҳимоя ордерларида катта камчиликлар бор. Ордер берилган тақдирдаям, барибир аёл жабр кўряпти: ҳеч бўлмаганда атрофдагилар, жамоатчилик уни айблаб чиқади. Франция тажрибасида ҳимоя ордери берилганда аёл уйда қолади, эркак мажбуран уйдан чиқарилади ва руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилади. Зўравонлик қилган одамнинг психикаси жойида эмас деб ҳисобланади, чунки руҳан соғлом одамда зўравонликка мойиллик бўлмайди. Жарима билан бирга, у билан ишлаш бўйича барча харажатлар ҳам эркакдан ундирилади.

Зўравонликнинг ҳар бир йўналишига алоҳида жавобгарлик белгилаш керак. Суд статистикаси юритилиши, жамоатчилик назорати ўрнатилиши керак.

300 нафар аёл инспекторларни ўқитдик, лекин 17,5 млн аҳолиси аёл бўлган мамлакатда бу жуда кам сон. Республикамизда 217та реабилитация марказлари бор эди. Афсуски, нима учундир уларни камайтириб, 29 тага туширдик, нега? Бу билан гўёки бизда ҳаммаси яхши эканини, реабилитация марказларига эҳтиёж камлигини кўрсатмоқчи бўляпмизми?

Гендер тенглик билан феминизмни аралаштирмаслик керак. Гендер тенглик фақат аёллар ҳуқуқлари дегани эмас, бу эркакнинг гарданига ҳамма нарсани юкламаслик, уни доимий равишда босимда яшашига йўл қўймаслик дегани. Болалигидан “уй қиласан, тўй қилишинг керак” деган босим остида яшаб юраги дош беролмай ўлиб кетаётган эркакларимиз бор. Буниям ўйлаш вақти келди. Гендер тенглик аслида эркаклар учун ҳам фойдали.

Барногул Санақулова, иқтисод фанлари доктори, профессор:

— Бир ойда Ўзбекистонда 7та аёлни ўлдириб юборишяпти. Бу ўша аёл ўлдирилган оиланинг муаммоси эмас. Аслида бир кўчада бир аёл ўлдирилган ва бунга ҳеч ким қатъий чора кўрмаётган, нормал қабул қилаётган бўлса, бу кўчанинг, шу ҳудуднинг, ўша жамиятнинг ўзи зўравонларга тўла эканидан далолат. Бу аслида ҳукуматга жуда ёмон сигнал бўлиши керак. Тўғри, охирги 3 йил ичида бу борада кўплаб қонун-қарорлар қабул қилинди, лекин буни ишлатиш керак.

Зўравонликка дуч келганда аёл қандай йўл тутиши кераклиги ҳақида аниқ йўриқнома бўлиши керак ва буни ҳар бир аёл билиши керак. Масъул ташкилотлар шу тизимни яратиб бериши зарур. Шунча аёл ўлдириляпти, лекин ҳамма ташкилотлар жим. Бошқа мамлакатда шу иш содир бўлганда қўмита раиси истеъфо берарди, бўлмаса халқ йўл қўймасди бошқа ишлашига.

Қуйи Чирчиқда аёл бир кун олдин болаларнинг олдида бемалол калтакланяпти, эртасига уйига кириб бориб ўлдириляпти. Ўша ҳолатдан кейин тизимдаги қайси мутасаддиларга чора кўрилгани, нима жазо қўллангани, умуман ўша маҳалладан нима иш қилингани ҳақида бирор маълумот берилмади. Расмийлар томонидан махсус гуруҳ ташкил қилиниши ва улар бориб ўша маҳалла билан ишлаши, психологлар қотилнинг психикасини ўрганиши, унда қачон ва нима сабабдан бундай характер шаклланганини ўрганиши керак эди. Бу кейинги қотилликларнинг олдини олиш учун хизмат қиларди. Қотилликка, зўравонликка жим қараб турилмаслигини англатарди. Аёлнинг етим қолган иккита боласининг тақдири нима бўлади, улар билан ким шуғулланяпти? Бу болаларда қолган руҳий жароҳатлар уларга қандай таъсир қилади?

Бугун хотин-қизлар масалаларига масъул ташкилотларнинг ишламаётганлиги эртага давлатга жуда қимматга тушади. Зудлик билан бу муаммо ҳал қилинмаса ижтимоий, иқтисодий, маънавий томондан ҳам жамият, давлат, халқ таназзулга учрайди.

Суҳбатнинг тўлиқ шаклини ушбу ҳаволада кўриш мумкин.

Гулмира Тошниёзова суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Мирвоҳид Мирраҳимов.

Мавзуга оид