Яшнобод тумани Илтифот маҳалласи 29-кўчадаги қурилишда пудратчи ташкилот – “Янги замон бино” МЧЖ томонидан 16 туп дарахт кесиб ташлангани ва табиатга 3,5 млрд сўм зарар етказилгани маълум қилинди. Kun.uz вазиятни ўрганиш мақсадида воқеа жойига борди. Борганимизда ҳудудга ҳеч ким киритилмаётганига гувоҳ бўлдик.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, масъуллар ҳудудга киришга уринган журналистга куч ҳам ишлатишган. Рўй берган ҳолат юзасидан ҳудудда жамоат хавфсизлиги учун жавобгар бўлган профилактика инспектори воқеа жойига чақирилган.

Дарахткушлик бўлган жойга, шунингдек, Яшнобод тумани экология бўлими вакиллари ҳам етиб келишди. Бўлим бошлиғи Беҳруз Қўчқоровнинг айтишича, дарахтларнинг оммавий қирғини 18 ноябрда аниқланган. Ўша куни инспекторлар ҳолатни ўрганиш учун қурилиш объектига киришган, аммо қоровуллар уларга ҳам куч ишлатиб, қурилиш ҳудудидан чиқариб юборишган.

“Бу ерда ўзбошимчалик билан дарахтлар кесиб ташланган. Аслида биз шу йил 27 август куни ҳудуддаги дарахтларни хатловдан ўтказиб кетганмиз. Шундан кейин бу дарахтларга шикаст етказмаслик, ўз вақтида парвариш қилиш, уларни кесиб ташламаслиги учун огоҳлантириш хатларини юборганмиз”, дейди мутасадди.

Кўриниб турибдики, қурилиш жойи баланд тўсиқлар билан ўраб олинган ва бу билан дарахтларни ими-жимида йўқ қилишга қулай шароит яратилган. Ўзи аслида қурувчи – “Янги замон бино” МЧЖда бунга рухсат борми? 136 дона дарахт бор жой тадбиркорга ким томонидан берилган?

Ушбу саволларга жавоб бериши кутилган Яшнобод тумани ҳокимининг уй-жой, коммунал хизмат кўрсатиш ва ободонлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Иззатулла Зиёвуддинов Kun.uz мухбири билан телефондаги мулоқотида 10 дақиқада воқеа жойига етиб боришини маълум қилган бўлса-да, сўзининг устидан чиқмади. У билан қайта боғланишга уринишлар эса бемасар кечди.

Эътиборлиси, Ўзбекистонда 2019 йилда президент фармони билан ўрмонлардан ташқаридаги дарахтларни кесишга мораторий жорий этилган