Жамият | 18:24 / 22.11.2022
8050
2 дақиқада ўқилади

Қонунчилик палатаси спикери минглаб мактаблар Wi-Fi билан таъминланмаганини танқид қилди

Фото: Қонунчилик палатаси

2022 йилда мактабларни кенг полосали интернет тармоғига улаш мақсадида давлат бюджетидан жами 4,4 млрд сўм маблағ ажратилган. Аммо Халқ таълими вазирлиги томонидан бу пуллар вақтида ўзлаштирилмагани сабаб ҳозирги кунда 3 мингдан ортиқ умумтаълим маскани Wi-Fi қурилмалари билан таъминланмаган. Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида шу масалага ҳам тўхталиб ўтилди.

Халқ таълими вазири ўринбосари Темур Комиловнинг айтишича, бюджетдан ажратилган суммалар тендер савдолари кечикиши туфайли вақтида ўзлаштирилмаган.

«Ҳозирги кунда 9 та лот бўлса, баъзи лотларимиз бўйича икки марталаб қайта тендер савдолари ўтказилиши ҳолатлари юзага келди. Балки бозорни маркетингга ўргатаётганда етарли иш олиб бормагандирмиз, бу оқлаш маъносида эмас. Бугунги кунда барча йўналишлар бўйича танлов савдолари якунланиб, ғолиблари эълон қилинган. Шартномаларнинг ҳаммаси расмийлаштирилган», дейди вазир ўринбосари.

Шундан сўнг Қонунчилик палатаси спикери Нуриддинжон Исмоилов мактабларнинг керакли қурилмалар билан ҳанузгача таъминланмаётганига тендер савдолари икки марта ўтказилиши асос бўлмаслигини таъкидлади.

«Қанча мактабда Wi-Fi йўқ – деяпсиз, буни гапиришнинг ўзи уят. Керагича маблағ ажратиб турилибди, бир вақтлар маблағ берилмасди. Энди маблағ берилса ҳам ўзлаштирилмаяпти», – деди у.

Вазир ўринбосарига кўра, шу йилнинг сўнгигача 3 минг 200 та мактаб Wi-Fi қурилмалари билан тўлиқ таъминланади, 800 та мактабга электрон доскалар ҳамда ривожланиш дастури доирасидаги қолган қурилмалар етказиб берилади.

Мавзуга оид