Карьераси, қарашлари ва сиёсий нуфузи: Расман сиёсатга қайтган Саида Мирзиёева ҳақида
Саида Мирзиёева Президент администрацияси мулозимига айланди ва энди ахборот сиёсатини белгилашда, тўғридан тўғри давлат раҳбарининг олдига жиддий маълумотларни олиб киришда муҳим рол ўйнайди. Хўш, у мазкур тайинловгача қандай йўлни босиб ўтди, кўплаб масалаларда жамоатчилик тарафида турадиган яна бир кадрнинг президент жамоасида бўлиши қайси жиҳатларга кўра аҳамиятли?
Иккита магистрлик дипломи ва илмий фаолият
Саида Мирзиёева 1984 йил 4 ноябрда Қўқонда туғилган. 18 ёшида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига ўқишга кириб, 2006 йилда халқаро ҳуқуқ бўйича бакалавр даражасини олган.
Ўша йили Тошкент давлат юридик университети магистратурасига кирган Мирзиёева 2008 йилда ҳуқуқшунослик бўйича, 2010 йилда эса Ломоносов номидаги Москва давлат университетидан иқтисодиёт бўйича магистр даражасини олган.
Расмий таржимайи ҳолида ёзилишича, Саида Мирзиёева 2010–2021 йилларда илмий-тадқиқот фаолиятини олиб борган. Хусусан, 2018–2021 йилларда Давлат бошқаруви академияси изланувчиси бўлган.
Тадқиқотчи 2021 йил июнида Москва давлат университетида иқтисодиёт бўйича диссертация ёқлаган. Номзодлик диссертацияси мавзуси – “Минтақавий ижтимоий-иқтисодий стратегияларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш методологиясини такомиллаштириш (Ўзбекистон Республикаси материаллари асосида)”.
Университет расмий сайтида Мирзиёеванинг диссертациясидан ташқари 6 та мақоласи, 1 та монографияси, илмий конференциялардаги 3 та ҳисоботи ва 1 та тезис-доклади ҳақида маълумотлар бор. Уларнинг аксариятини ижтимоий-иқтисодий ривожланиш бўйича миллий стратегиялар мавзуси бирлаштириб туради.
Давлат органлари “тилга кирди”
Саида Мирзиёева давлат хизматчиси сифатида илк марта 2019 йилнинг 12 апрел куни жамоатчилик нигоҳига тушганди. Ўшанда у Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг ўринбосари лавозимига тайинланганди.
Бу лавозимда унга асосан иккита вазифа юклатилган эди. Таъкидлаш керак, аввалига Мирзиёева Ўзбекистоннинг хориждаги ижобий имижини шакллантириш (PR-марказ)га масъул бўлгани одамларнинг эътиборини кўпроқ тортганди. Якунда эса у ўзига юклатилган иккинчи йўналиш – давлат органларининг ахборот хизматлари фаолиятини ислоҳ қилишда каттароқ натижаларга эришди.
Мирзиёева карьерасидаги илк лавозимга анча фаол киришди, матбуотда тез-тез кўрина бошлади. Тайинловдан кўп ўтмай давлат органларининг матбуот хизматлари фаолияти бўйича танқидий баёнот эълон қилиб, жиддий воқеа-ҳодисаларга оид расмий маълумотлар тезкор берилмаслигини қоралади ва вазиятни ўзгартиришга киришганини маълум қилди. Конференциялардан биридаги чиқишида эса 200га яқин ҳокимликларда ҳалигача ахборот хизмати йўқлиги, одамлар ўзини қизиқтирган маълумотни чет эл нашрларидан олаётганини айтди.
Маълум вақтдан кейин Саида Мирзиёева матбуот котибларининг фаолиятини ислоҳ қилишга доир ҳужжат лойиҳаси муҳокамага қўйилганини эълон қилди. 2019 йил июнида имзоланган президент қарори билан барча давлат органларининг матбуот хизматларига жиддий талаблар қўйилди, матбуот котибларининг обрўси кўтарилиб, улар ташкилот раҳбарининг ўринбосарига тенглаштирилди. Умуман, давлат органларида нормал ахборот хизматларини йўлга қўйиш бўйича комплекс чоралар тасдиқланди.
Қарор имзоланганидан кейин шу мавзуда бош вазир селектори, АОКАда матбуот котиблари иштирокида йиғилишлар, матбуот котиблари ва журналистлар ўртасида мулоқотлар бўлиб ўтди. Уларда сўзга чиққан Саида Мирзиёева соҳадаги муаммоларни санади, иши суст матбуот хизматларини яна танқид қилди, ҳатто ахборот сиёсати талабларига эътиборсиз қараётган мансабдорларга нисбатан чора кўришни таклиф этди. Бу саъй-ҳаракатлар натижасида қисқа вақт ичида соҳада ўзгариш сезилди: давлат органларининг очиқлиги ва журналистлар билан мулоқоти янги босқичга кўтарилди.
“Сўз эркинлигисиз ислоҳот қилиб бўлмайди”
Комил Алламжонов ва Саида Мирзиёевани сўз эркинлигининг ҳукумат ичидаги асосий тарғиботчилари, тарафдорлари ва ҳимоячилари дейиш мумкин. Улар сўз эркинлигининг аҳамиятини олий раҳбариятда доимий кун тартибида ушлаб туради.
“Оммавий ахборот воситалари ва блогерлар фуқаролик назоратининг флагманига айланди. Биз бошлаган очиқлик йўли ортга қайтмасдир”, деганди Саида Мирзиёева ўз чиқишларидан бирида.
“ОАВ эркинлиги ва савияли журналистика – демократиянинг ажралмас қисми. Сўз эркинлигини, давлат органлари шаффофлиги ва жамият олдида ҳисобдорлигини таъминламай туриб, ҳақиқий ислоҳотларни амалга ошириб бўлмайди”, дея таъкидлаган у бошқа бир нутқида.
“Биз қонунларни кескинлаштириш, турли мавзулардаги чиқишларни тақиқлаш, ижтимоий тармоқларни тўсиб қўйиш ва фикрларни бошқариш орқали ижобий натижага эришиб бўлмаслигини яхши англаймиз. Буларнинг бари акс самара беради ва вазиятни янада чигаллаштиради”, – деганди Мирзиёева медиа-конференциялардан бирида.
Саида Мирзиёева туҳмат ва ҳақорат учун қамоқ жазоси бекор қилинишининг ташаббускорларидан бири бўлди. “Одам гапирган гапи учун қамалиши керак эмас”, – дея бу борадаги фикрини ифодалаганди у.
Мирзиёеванинг АОКАдаги фаолияти 9 ой давом этди. 2020 йил январида у ва Комил Алламжонов агентликни тарк этишди. Улар буни фаолиятларини нодавлат секторда давом эттириш истаги ва режалари борлиги билан изоҳлашди. Кўп ўтмай бу режаларни амалга ошириш аллақачон бошлангани ойдинлашди: истеъфо ҳақида эълон қилинганидан 2 кун ўтиб, улар журналистлар ва блогерларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган янги жамоат ташкилоти – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгашига сайланишди. Комил Алламжонов кенгаш раиси, Саида Мирзиёева эса унинг ўринбосарига айланди.
Тандем фонддаги фаолияти давомида ҳам сўз эркинлигига нисбатан таҳдидларни қоралади, журналистлар босимга учраган ҳолатларда уларнинг ҳимояси учун тегишли вазирликлар ва Бош прокуратурага мурожаат-сўровлар юборди. Шунингдек, медиа соҳаси вакилларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш каби йўналишларда ҳам иш олиб борилди.
Фонд раҳбарлари БМТнинг олий даражадаги мансабдорлари, ЮНЕСКО, ЮНИСЕФ, ЕХҲТ, Европа Иттифоқи, АҚШ, Германия, Швейцария, БАА каби давлатлар расмийлари билан мулоқотлар ўрнатишди. Эътиборлиси, фонднинг халқаро ҳамкорларидан деярли ҳаммаси – ривожланган Ғарб давлатларидир. Ўзбекистон контекстида қараганда, рўйхатда мамлакатнинг асосий ҳамкори деб кўриладиган Россиянинг йўқлиги диққатга сазовор.
Оғриқли мавзуларга муносабатлар
Саида Мирзиёева АОКА мулозимига айланган куни ижтимоий тармоқларда расмий саҳифаларини очган. Шундан бери ўткир ижтимоий масалаларга тез-тез муносабат билдириб келади. Ва у фикр билдирадиган мавзулар доираси фақат сўз эркинлигидан иборат эмас.
Мирзиёева ягона мактаб формаси, ўқитувчиларнинг ўз вазифасига кирмайдиган ишларга мажбурланиши, Тошкент марказидаги боғда қурилиш бўлиши каби катта муҳокамаларни келтириб чиқарган мавзуларда ўз позициясини билдириб, кўтарилган масалаларнинг кенг омма фойдасига ҳал бўлишига ҳисса қўшиб келмоқда.
У ўз чиқишларида хотин-қизлар ҳуқуқлари масаласига ҳам кўп марта тўхталган. Сурхондарёда ўсмир қизни зўрлаганлар жазосиз қолгани, Тошкент вилоятида шифокор Гулжаҳон Йўлдошеванинг қамаб қўйилгани, олийгоҳларда талаба қизларга нисбатан шилқимликнинг кенг тарқалгани, ўзбек аёллари миллий сериалларда нуқул калтафаҳм қилиб кўрсатилиши каби масалалар шулар жумласидан.
Қолаверса, Мирзиёева Наманганда МИБ ходимларига норозилик билдирган аёлнинг ўзига ўт қўйгани, Хоразмда 19 ёшли ҳомиладор келин ўз жонига қасд қилиш даражасига олиб борилгани, Навоийда ўғил туғмасликда айблаб келинган аёл ўзи ва уч қизини поезд тагига ташлагани каби аянчли воқеаларга ҳам муносабат билдириб келади.
Унинг бу чиқишлари шуниси билан ҳам аҳамиятлики, хотин-қизларга қарши зўравонликдек оғриқли муаммо ҳар сафар шов-шув мавзусига айланганида, ҳатто бу соҳага тўғридан тўғри масъул раҳбарлар ҳам бир оғиз муносабат билдирмайди, худди эшитмагандек, кўрмагандек, шунчаки сукут сақлайди. Ҳолбуки, биргина Республика гендер комиссиясида Саида Мирзиёевадан ташқари яна бошқа ўнлаб аъзолар бор.
Таъкидлаш лозим, Мирзиёева Масс-медиа фондидаги фаолияти орқали “Заковат” интеллектуал клубининг янги даражага чиқишига ҳам ҳисса қўшди. Кўзи ожиз ва заиф кўрувчи 400га яқин бола операция қилинган “Кўнгил кўзи” лойиҳасини амалга оширди. Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси кенгаши раисининг ўринбосари сифатида маданият соҳасидаги қатор лойиҳаларда иштирок этмоқда.
Катта сиёсий даргоҳга қадам
Президент Шавкат Мирзиёев Сардор Умрзоқовни ўз администрациясига раҳбар этиб тайинлаши ортидан, олий маъмуриятда жиддий ўзгаришлар рўй берди. Ўтган 4 ой ичида бу даргоҳда 7 та кадр ўзгариши рўй берди.
Матбуот соҳаси учун энг аҳамиятлиси – Комил Алламжонов администрация раҳбари ўринбосари лавозимига қайтиб, шу муносабат билан берган баёнотида “сўз эркинлиги ва очиқлик сиёсати янада юқори даражага чиқиши”ни таъкидлади. Энди эса Саида Мирзиёева администрация ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шуъба мудири этиб тайинланди.
Янги тузилган бу шуъба администрация раҳбарининг жамоатчилик фикрини ўрганиш ва ахборот сиёсати учун масъул ўринбосари (К.Алламжонов) тизимига киради. Бу – журналистларга нисбатан давлат томонидан қўллов 2019 йилдаги даражага қайтиши мумкинлигига умид уйғотади. Салкам уч йил олдин Алламжонов–Мирзиёева тандеми АОКАдан кетганидан кейин матбуот соҳасининг ҳимояси сусайганини нафақат маҳаллий жамоатчилик, балки халқаро кузатувчилар ҳам айтган эди.
Эътиборлиси, расмий хабарда айтилишича, Саида Мирзиёева администрацияда нафақат ахборот соҳасини, балки ижтимоий соҳа, маданият ва таълим соҳаларидаги ислоҳотлар ижросининг боришини ҳам назорат қилади.
Шу ўринда қайд этиш лозим, бу жамоа давлат раҳбари олдига алоҳида тузилмаларнинг ҳисоботларига алтернатив ўз ҳисоботларини тўғридан тўғри олиб кира олиши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ёдингизда бўлса, “снос”лар авж олган пайтда одамларнинг арз-доди, ижтимоий тармоқларда ёзилаётган изоҳлар президентга олиб кирилган, вазиятдан хабар топган давлат раҳбари вилоят ҳокимларига қаттиқ танбеҳ берган эди. “Мана, изоҳларни ўқи. Буларни ўқиб мен қандай кабинетимда тинч ўтира оламан?! [...] Бузишдан аввал сен ўз бошингни буз!” – деганди Шавкат Мирзиёев ҳокимларга қарата, ўзига олиб кирилган ҳисоботни кўрсатиб.
Комил Алламжонов ўз интервюларидан бирида Саида Мирзиёева ҳақида гапираётиб, айни шу жиҳатга урғу берганди. “Матбуотнинг муаммоларини зудлик билан раҳбариятга етказишда ва уни ҳал қилишда уларнинг роли катта”, – деганди Алламжонов.
Одамларни қийнаётган ўткир муаммолар ҳозир ҳам талайгина. Муаммолар ва уларга халқнинг муносабати ҳақида президентга холис ахборотларнинг кўпроқ етиб боришидан эса юрт равнақини тилаган ҳамма манфаатдор.
Хулоса қилиб айтганда, давлат раҳбарининг атрофида ёш, хорижий тилни биладиган, сўз эркинлиги ва умуман эркинликларни қадрият деб билувчи инсонлар қанча кўп бўлса, шунча яхши – айнан бугун мамлакатга бундай кадрлар айниқса кўпроқ керак.
Мавзуга оид
16:05 / 16.11.2024
“Маънавий экспертиза” ахлоқ пардаси ҳимоячисими ёки медиа макон назоратчиси? Баҳсли мавзуда катта суҳбат
07:03 / 16.11.2024
Саида Мирзиёева талабалар билан учрашди
23:45 / 08.11.2024
“Агар журналист ҳақ бўлса, биз уни тан олишимиз керак” – президент
22:06 / 01.11.2024