Камерун Сербия билан ақл бовар қилмас ўйин ўтказди. Барчаси оёқда кўп ўйнайдиган дарвозабон билан можародан бошланди

ЖЧ-2022. G гуруҳи. 2-тур
Камерун – Сербия 3:3
Голлар: 1:0 – 29 Кастеллетто, 1:1 – 45 Павлович, 1:2 – 45+4 Милинкович-Савич, 1:3 – 53 Митрович, 2:3 – 63 Абубакар, 3:3 – 66 Шупо-Мотинг.
Камерун – Эпасси, Фэ, Нкулу, Кастеллетто, Толо, Кунде (Ондуа, 67), Замбо-Ангисса (Гвет, 81), Онгла (Абубакар, 55), Шупо-Мотинг, Токо-Экамби (Бассогог, 67), Мбемо (Нкуду, 81).
Сербия – Милинкович-Савич, Велькович (Бабич, 78), Миленкович, Павлович (Митрович, 56), Костич, Милинкович-Савич (Груйич, 79), Максимович, Лукич, Живкович (Радонич, 78), Тадич, Митрович.
Огоҳлантиришлар: Нкулу (24), Бассогог (30), Йович (45).

Бразилияга қарши серблар юқори жисмоний тайёргарлик ва иштиёқ, шунингдек уюшқоқ футбол намойиш этишди. Фақат болқон жамоаси қандай ҳужум уюштириши тушунарсиз эди. Камерун бразилларга қараганда бошқа даражадаги рақиб ва бу сафар Драган Стойковичдан анча дадиллик кутиш мумкин эди. У танлаган бошланғич таркиб бу сафар ҳужумкор ўйин бўлишидан дарак берди. Майдондаги футболчилар ҳам илк дақиқаларданоқ шунга ишора қилишди — масалан, Александр Митрович ажойиб финт билан Нкулуни йўлдан олди ва айланма зарбаси билан дарвоза устунини нишонга олди.

Сербияликлар тўпурари анча ўткир бурчакдан ҳужум қилгани боис, бу вазият учун «Бўйсунмас шерлар» дарвозабони Эпассига саволлар туғилиши табиий. Бу саволлар камерунликлар делегацияси раҳбариятига ҳам тааллуқли, чунки мамлакатнинг энг яхши дарвозабони Онана заявкадан тушиб қолди. Бунда дарвозабоннинг «интизомсизлиги» сабаб қилиб кўрсатилди. Жамоа кийим алмаштириш хонасида нималар бўлгани аён эмас, аммо жаҳон футболининг энг нуфузли инсайдерларидан бири Фабрицио Романо ўз версиясини тақдим этди.

Унинг маълумотига кўра, Онана бош мураббий Ригобер Сонг билан зиддиятга борган. Мураббийга дарвозабоннинг ўйин услуби ёқмаган, «Интер» посбони эса бунга рози бўлмаган ва ҳеч нарсани ўзгартирмоқчи эмаслигини билдирган. Биринчи турда Онана жарима майдони ташқарисида тўпга 26 бор тегиниб, жаҳон чемпионатлари рекордини ўрнатганди. Агар можаронинг асл сабаби шу бўлса, дунёнинг энг яхши мураббийларидан бири Гвардиола Сонгнинг қарашларига қўшилмаслиги аниқ — у оёқ билан ўйнашни ҳам дарвозабоннинг муҳим сифатларидан бири деб ҳисоблайди.