2 декабр куни Қатардаги жаҳон чемпионатида G ва H гуруҳларида ҳам сўнгги ўйинлар ўтказилади ва гуруҳ босқичи якунланади. Бразилия ва Португалия 1/8 финал масаласини ҳал этиб бўлган, аммо улар ҳали плей-оффда кимга қарши ўйнашини билмайди. Учинчи тур якунларига кўра улар ўзаро тўқнаш келиб қолиши ҳам мумкин. Қуйида ушбу квартетларда гуруҳ босқичи якуни арафасида юзага келган вазият кўриб чиқилади.
H гуруҳи
Гана — Уругвай (Тошкент вақти билан соат 20:00)
H гуруҳида сўнгги тур арафасида Гана иккинчи ўринда (икки ўйинда 5 гол урилган), Уругвай эса бирорта гол урмасдан сўнгги ўринда жойлашишини кўпчилик кутмаганди. Африкаликлар жамоасида плей-оффга чиқиш ва ЖЧ-2010 чоракфиналидаги мағлубият учун уругвайликлардан қасос олиш учун ажойиб имконият юзага келди. Гуруҳдан чиқиш учун Ганагга дуранг ҳам етарли, бунда Корея Португалиядан икки ёки ундан кўп тўп фарқи билан устун келмаслиги керак бўлади.
Диего Алонсо жамоасида эса хато қилишга ҳуқуқ йўқ, уларга уч очко сув ва ҳаводек зарур. Уругвайнинг турнирдаги учинчи рақиби ҳимоя ҳақида жиддий ўйламайдиган жамоа бўлмоқда. Лекин айтиш керакки, жанубий америкаликларнинг ўзи ҳужумда у қадар ишончли ўйнай олмаяпти. Улар кўп хавфли вазиятлар ярата олмаяпти, юзага келтирилган вазиятлардан фойдаланишда ҳам оқсашмоқда. Уругвайликлар биргина очко билан қолаётгани етмагандек, уларда голлар нисбати бўйича энг ёмон вазият юзага келган (Жанубий Корея билан таққослаганда). Агар сўнгги турда кореяликлар ва Уругвай бир хил тўп фарқи билан ғалаба қозонишса, осиёликлар жамоаси юқорироқда жойлашади. Шу туфайли Жанубий Американинг учинчи жамоаси сифатида турнирга келган жамоадан йирик ҳисобда ғалаба қозониш талаб этилади.
Жанубий Корея — Португалия (Тошкент вақти билан соат 20:00)
Қийинчиликларга қарамай португаллар ўтган икки ўйинда икки ғалабага эришиб, муддатидан олдин 1/8 финал йўлланмасини ҳал қилди. Аммо Португалия термаси футболчиларининг бўшашишга ва индивидуал статистикасини яхшилаш учун ўйнашга ҳаққи йўқ. Агар улар плей-оффнинг биринчи босқичидаёқ Бразилияга рақиб бўлишни исташмаса, охирги турда Кореяга ютқазмаслик ва гуруҳда биринчи ўринда қолиш талаб этилади. Португаллар мағлуб бўлса ҳам гуруҳ етакчилигини сақлаб қолиши мумкин, бунинг учун Гана Уругвайни енга олмаслиги керак бўлади. Агар Гана ўз ўйинида икки ёки ундан кўп тўп фарқи билан ғолиб бўлса ва португаллар ютқазса, иккинчи ўринга тушиб кетади.
Кореянинг вазияти ҳам Уругвайникига ўхшаш — жамоани фақат ғалаба қониқтиради. Жамоа сардори ва етакчиси Сон Хин Мин ҳали ўз сўзини айтмади. «Тоттенҳэм» ҳужумчиси жаҳон чемпионатига кўзидаги жароҳатидан тўлиқ тузалмаган ҳолда келди, аммо у жамоа билан турнирни эрта тарк этмоқчи эмас. Унинг жамоадошлари биринчи турда Уругвайнинг ҳужумларига дош берганди ва бу вазифани Португалияга қарши ўйинда ҳам уддалаш мумкин. Жисмонан яхши ҳолатда бўлган корейсларда қарши ҳужумлар уюштириш имконияти бўлади — ҳужум чизиғида Сондан бошқа тезкор футболчилар ҳам етарлича. Сўнгги тур арафасида Осиё вакиллари тўплар нисбатига кўра уругвайликлардан яхшироқ кўрсаткичга эга, шу туфайли икки жамоа бир хил ҳисобда ғалаба қозонган тақдирда, Корея Жанубий Америка вакилларидан юқорида жойлашади.



















