Россиялик меҳмонлар ва газ иттифоқи ғояси

Бутун ҳафта давомида Ўзбекистонга собиқ метрополия тарафидан бўлаётган босимлар асосий мавзулардан бири бўлиб турди. Ҳафта бошида Россия парламенти, ҳафта охирида Россия ҳукумати делегацияси Ўзбекистонда меҳмон бўлиб, Кремл манфаатларини тарғиб қилди.

Дума раиси Вячеслав Володин Тошкентда президент Шавкат Мирзиёев, Сенат раиси Танзила Норбоева, Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов билан учрашди. Ташрифнинг формал мақсадига кўра, икки давлат парламентларининг қуйи палаталари ўртасида ҳамкорлик бўйича комиссия тузилди.

Тошкентда учрашувлар бўлиб ўтаётган куни Дума расмий сайти Володиннинг баёнотини эълон қилди. Унда россиялик амалдор зўр бериб Ўзбекистонни АҚШ билан ҳамкорлик қилишнинг оқибатларидан огоҳлантирган. Унинг айтишича, Европа айнан АҚШ билан ҳамкорлиги сабабли ҳозирги энергия инқирозига кириб қолган. Ўзбекистон эса гўёки бундан сабоқ чиқариши керак. “Америкаликлар қўй терисини ёпиниб келишади, лекин бўрининг иржайиши кўриниб туради”, деди Вячевлав Володин.

Унинг бу огоҳлантиришлари янграган куннинг эртасига Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида АҚШ элчиси билан учрашув бўлиб ўтди. Унда расмий Тошкент Вашингтон билан фаол сиёсий мулоқотни давом эттириши расман таъкидланди. Шу куни вазирликка Украина элчиси ҳам таклиф этилиб, Ўзбекистон ва Украина ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ҳақида гаплашилди.

Фото: Россия ҳукуматининг матбуот хизмати

Яна бир сиёсий мулоқот Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Россия бош вазири Михаил Мишустин ўртасида бўлиб ўтди. Ўзбекистон–Россия бизнес форуми учун Самарқандга келган Мишустин, Жиззахда атом электр станциясини қуришни тезлаштиришга чақирди. “Биз атом энергетикаси бўйича ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашни муҳим деб биламиз. Россия билан АЭСни биргаликда қуриш йирик лойиҳа бўлади. Эришилган барча келишувларни амалга оширишни тезлаштириш керак”, – деди у.