«5 декабр куни эрталаб Киев режими Россиянинг узоқ масофага учувчи самолётларини ишдан чиқариш учун Рязан областидаги Дягилево ва Саратов областидаги Энгелс ҳарбий аэродромларига совет иттифоқида ишлаб чиқарилган реактив дронлар билан зарба беришга уринди», деб баёнот берди Россия Мудофаа вазирлиги.

Бу дронлар Россия ҳаво мудофааси томонидан уриб туширилган, аммо бўлаклари қулаб тушиши оқибатида уч нафар ҳарбий ҳалок бўлган, икки самолётнинг корпуси ҳам шикастланган.

Аввалроқ матбуотда маҳаллий вақт билан эрталаб соат 6 ларда дрон Саратов областидаги «Энгелс-2» авиабазасининг учиш-қўниш йўлагига қулаб тушгани, иккита Ту-95 бомбардимончи самолёти шикастлангани, икки ҳарбий хизматчи яралангани ҳақида хабар тарқалган эди.

Телеграмдаги каналлардан бири тармоққа ташқи кузатув камераси орқали ёзиб олинган видеолавҳани жойлади. Унда ёрқин чақнашни кўриш ва гумбурлаган овозни эшитиш мумкин. Кейинроқ расмийлар бу лавҳа текширилаётганини айтишди.

The New York Times нашрининг ёзишича, АҚШ Мудофаа вазирлигининг анонимлик шарти билан сўзлаган вакили Пентагон Энгелс базасидаги портлашга гувоҳ бўлганини айтди.

Энгелсдаги аэродромга қилинган ҳужумдан ташқари, эрталаб Рязан яқинидаги Дягилево ҳарбий аэродромида ҳам портлаш юз берди. «РИА Новости» хабарига кўра, аэродромда ёқилғи ташувчи автомобил ёниб кетган ва портлаган, оқибатда уч киши ҳалок бўлган, яна олти киши жароҳатланган. Техникалар шикастлангани ҳақида хабар берилмади.

Россиянинг милитаристик телеграм каналлари портлашлар деярли бир вақтда содир бўлганини таъкидлаб, бу Украинанинг қўпорувчилик ҳаракати бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

Украина ҳодисага алоқадорлигини расман тасдиқламади. Бироқ, Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подоляк шундай ёзди: «Кремлдагилар ер думалоқ эканини билмайди шекилли. Агар сиз бошқа мамлакатлар ҳаво ҳудудига тез-тез бирор нарса учирсангиз, эртами-кечми номаълум учувчи объектлар учиб кетган жойига қайтади».

«Шу йил охиригача ваъда қилишган»

Энгелсдан Украинадаги фронт чизиғигача тахминан 700 километр, Дягилеводан тахминан 500 км. Расмий маълумотларга кўра, Украина қуролли кучларида бундай масофага зарба берувчи қуроллар йўқ.