Қатарда ўтаётган ЖЧ-2022 баҳслари ўзининг қизғин палласига кирди. Ҳар ўйиндан кейин турли рекордлар қайд этилмоқда. Қуйида мусобақада жамоалар ва футболчилар томонидан янгиланган тарихий рекордлар, фактлар ва рақамлар билан танишинг.

— Лионел Месси ЖЧ-2022 нимчоракфиналида Австралия дарвозасини ишғол этиб, мундиаллардаги голлар сони борасида машҳур ватандоши Диего Марадонани ортда қолдирди. Бу аргентиналиклар етакчисининг жаҳон чемпионатларида урган 9-голи бўлди. Марадона ҳисобида 8 гол мавжуд. Бу борада Габриэль Батистута мутлақ рекордчи саналади – 10 гол.

Шунингдек, бу Месси учун унинг жаҳон чемпионатлари плей-оффида урган дастлабки голи бўлди. Аргентиналик сардор бунгача голларини фақат гуруҳ босқичида урган.

— Месси учун Австралияга урилган гол унинг профессионал фаолиятидаги юбилей – 1000-учрашувида киритилди. Лионел ҳисобида 789 гол мавжуд. У клублар даражасида 831 ўйин ўтказган – «Барселона»да 778, «ПСЖ»да – 53 ўйин. Аргентина миллий жамоаси либосини эса 169 марта кийиб майдонга тушган.

— Войцех Шченсни гуруҳ босқичида Аргентинага қарши учрашувда 9 та сейв амалга оширди. «Ювентус» посбони Қатардаги жаҳон чемпионатида бир учрашувда энг кўп сейвга эга бўлган етакчи дарвозабонга айланди.

— Мемфис Депай Нидерландия миллий жамоаси тўпурарлари рўйхатида иккинчи ўринга чиқиб олди. «Барселона» ҳужумчисининг АҚШ дарвозасига йўллаган аниқ зарбаси унинг миллий жамоада урган 43-голига айланди. Депай тўпурарлар пойгасида 42 голга эга Класс-Ян Ҳунтеларни ортда қолдирди. Пешқадам Робин ван Перси ҳисобида эса 50 гол мавжуд.

— Дани Алвес Бразилия миллий жамоаси либосида майдонга тушган энг катта ёшли футболчига айланди. Камерун билан 3-тур баҳсида иштирок этган тажрибали ҳимоячи 39 ёш, 6 ой ва 27 кунни қарши олганди. «Пентакампеонлар» либосини илк марта 2006 йилда кийган Алвес бугунги кунгача 124 учрашув ўтказиб, 8 гол ва 21 ассист муаллифи бўлган.

— Лука Модрич – турли уч ўнликдаги жаҳон ва Европа чемпионатларида қатнашган футбол тарихидаги биринчи футболчига айланди. 37 ёшли яримҳимоячи Хорватия шарафини 2006, 2014, 2018 ва 2022 йилги жаҳон чемпионатларида, шунингдек 2008, 2012, 2016 ва 2020 йилги Европа чемпионатларида ҳимоя қилган.

— Бразилия жаҳон чемпионатларида гуруҳ босқичида қаторасига 17 учрашувда мағлубиятга учрамаган дастлабки жамоа бўлди. Беш карра жаҳон чемпионларининг ажойиб серияси Камерунга қарши баҳсда (0:1) якунига етди.