Ўзбекистон тарихи давлат музейида “Матонатнинг 17 қиёфаси” номли кўргазма бўлиб ўтди.
Президент Администрацияси шуъба мудири Саида Мирзиёева ғояси асосида Масс-медиа фонди томонидан ташкил этилган мазкур кўргазма БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадларини ўз фаолиятида акс эттираётган ўзбек аёлларига бағишланган.

Кўргазма ташаббускорлари қаторида БМТнинг Женевадаги бўлими бош директори Татяна Валова ва Швейцария аёлларининг ўзаро ёрдам уюшмаси ҳам бор. Татяна Валова кўргазманинг аҳамияти ҳақида шундай дейди:
“Ўзбекистонда сўнгги йилларда ижтимоий ва иқтисодий ҳаётда хотин-қизларнинг мавқейи ва роли сезиларли даражада ошди. Бундай тенденция дунёнинг барча давлатлари учун истисносиз муҳим. Афсуски, бутун дунёда аёллар эркаклар билан мутлақо тенг ҳуқуқларга эга бўлган бирорта давлат йўқ. Баъзи мамлакатларда вазият бошқа давлатлардан яхшироқ, баъзи мамлакатларда эса ёмонроқ.
Ўзбекистондаги ҳолат яхши томонга ўзгармоқда, лекин шунга қарамай, биз ҳаммамиз жуда қаттиқ ишлашимиз керак. Мен тез-тез айтаман, биз ҳали ҳам эркаклар яратган қоидаларга кўра тузилган дунёда яшаяпмиз. Биз дунёни ва ундаги қоидаларни эркаклар билан биргаликда яратишимиз керак.

Ушбу лойиҳанинг ғояси – барқарор ривожланиш мақсадини амалга оширишда аёлларнинг ролини кўрсатиш. Шунинг учун лойиҳа “17 ҳаракат юзи” деб номланади. 17 аёл барқарор ривожланиш мақсадлари сари олға силжишни ўзида мужассам этган ва уларнинг ҳар бири бу борада ажойиб муваффақиятларга эришган.
Уларнинг танлаган мақсадлари – бу инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишми, аёлларни ҳимоя қилишми, атроф-муҳитни муҳофаза қилишми ёки қишлоқларда мувозанатни сақлашми, ҳар қандай мавзу, нима бўлишидан қатъи назар, аёлларнинг профессионал ишларини кўришимиз мумкин.
Ишончим комилки, бу аёлларнинг ҳаёти бутун бир ёш авлодни илҳомлантиради ва улар нафақат ўз ҳаётларида муваффақиятга эриша олишларини тушунишади. Танланган касблари орқали эркаклар билан тенг равишда бу дунёни яхши томонга ўзгартиришади”.

















