Бугун, 9 декабр куни Қатарда жаҳон чемпионатининг чоракфинал учрашувлари бошланади. Хорватия термаси Бразилия билан, Месси бошчилигидаги аргентиналиклар Нидерландия билан ҳал қилувчи баҳсларни ўтказишади. Five Thirty Eight компанияси суперкомпьютери ушбу қарама-қаршиликларнинг ғолибларини тахмин қилди. Машина жамоаларнинг ҳужум ва ҳимоядаги кучини акс эттирувчи Soccer Power Index деб аталадиган кўрсаткичга асосланади.
Хорватия — Бразилия (Тошкент вақти билан соат 20:00)
Саккиз йил ўтиб Лука Модрич ва Неймар яна жаҳон чемпионатида бир-бирига қарши ўйнайди. Тўғри, бу сафар ўртага гуруҳ босқичидаги уч очко эмас, яримфинал йўлланмаси қўйилган.
1/8 финалда Жанубий Корея билан ўйинда бразиллар максимал даражада қисқа фурсатда кейинги босқичга ўтиш масаласини ҳал этишди, Винисиус, Неймар, Ришарлистон ва Пакета биринчи бўлимда биттадан гол уришди — ҳисоб йириклашгач, жамоа хотиржамликка берилиб, ярим куч билан ўйнади ва ҳатто кореяликлар битта жавоб голи уришига имкон беришди. Аммо Хорватия билан бундай осон ўйин бўладими?
Златко Далич жамоаси ҳужумкор ўйин намойиш этмаяпти. Лекин мудофаа ишончли ҳаракатланмоқда: Қатардаги ҳозиргача ўтган тўрт ўйинда хорватлар фақат икки бор гол ўтказиб юборишган. Лекин жамоа нимчорак финалда Японияни фақат пеналтилар сериясида мағлуб эта олди, осиёликлар сафида биринчи бўлим охирида Маэда урган голга иккинчи бўлим бошида Перишич жавоб қайтарди. Доминик Ливакович яхши спорт формасида — Япония билан ўйинда у пеналтилар сериясида тўрттадан учта зарбани қайтарди ва миллий жамоани чоракфиналга олиб чиқди.
Бразилия дарвозабоннинг қаҳрамонлиги билангина натижага эришиш мумкин бўлган рақиб эмас, аммо Хорватия барибир Ливаковичнинг сейвларига ҳам умид қилиши керак бўлади. Олдинда эса ҳамиша Модричдан умид қилинади, у йўқ жойдан голли ҳужум ўйлаб топиши мумкин.

Суперкомпьютернинг прогнозига кўра, Бразилия — чоракфинал учрашувидаги яққол фаворит. Жанубий Америка вакилларининг Хорватия билан ўйиндаги имкониятлари — 77 фоиз; Златко Далич шогирдларининг яримфиналга чиқиш имкониятлари — 23 фоизга баҳоланган.
Ҳа, бразиллар — турнирнинг асосий фаворитлари, аммо ҳар бир янги ўйин олдидан бу мақом босимни оширади. Қатарда ҳозиргача бир қатор сенсациялар рўй берди — хорватлар ҳам йил ўйинини ўтказиши эҳтимолини истисно этиб бўлмайди.


















