Спорт | 13:58 / 11.12.2022
40174
16 дақиқада ўқилади

Роналду йиғлаб, Англия яна драма билан турнирни тарк этди

Қатардаги жаҳон чемпионатида яримфинал жуфтликлари аниқ бўлди.

Фото: ALEXANDER HASSENSTEIN/GETTY IMAGES

Африка жамоаси илк бор жаҳон чемпионати яримфиналига чиқди.

ЖЧ-2022. Чоракфинал. 10 декабр
Марокаш – Португалия – 1:0
Гол:
1:0 – 42 Ан-Носири.
Марокаш – Буну, Ҳакими, Саисс (Дари, 57), Ал-Ямик, Аттийят-алла, Амрабат, Амалла (Шеддира, 65), Унаи, Зиёш (Абуҳилол, 82), Буфал (Жабран, 82), Ан-Носири (Банун, 65).
Португалия – Диогу Кошта, Диогу Далот (Рикарду Орта, 79), Пепе, Рубен Диаш, Геррейру (Жоау Канселу, 51), Отавио (Витинья, 69), Бернарду Силва, Рубен Невеш (Роналду, 51), Бруну Фернандеш, Жоау Фелиш, Гонсалу Рамуш (Рафаэл Леау, 69).
Огоҳлантиришлар: Дари (70), Витинья (87).

Яна Рамуш

Криштиану Роналду қаторасига иккинчи бор бошланғич таркибдан ўрин олмади. Сантуш Швейцарияга қарши ўйинда ҳет-трик қилган Гонсалу Рамушга яна ишонч билдирди. Аввалги ўйин олдидан мураббий Роналду билан алоҳида гаплашиб олгани маълум бўлганди. Плей-офф стартидаги ўйинда бошланғич таркибдан ўрин олмаслиги ҳақида сардор ўйин кунидаги тушлик вақтидаёқ хабардор бўлганди. Ўйиндан сўнг ОАВда португалиялик юлдуз жамоа қароргоҳини тарк этмоқчилиги ҳақида хабарлар тарқалганди. 68 ёшли мутахассис эса бундай миш-мишларни рад этди.

«У сардор, Португалия футболига жуда кўп нарса берган ақл бовар қилмас кўламдаги футболчи. Мен у билан гаплашиб олишим керак эди. Криштиану рози эмасди, чунки у доим стартда тушган. Бу нормал ҳолат. Аммо мулоқотимиз хотиржам кечди ва икки томон ҳам ўз фикрини билдирди. Унга захирада ўтиришни қабул қилиш осон эмас, аммо у терма жамоадан кетиш истаги ҳақида айтмагани аниқ. Роналдуни тинч қўйинг. Португалия футболи учун шунча иш қилган инсон сифатида у бундай муносабатга лойиқ эмас», — деди мураббий.

Марокашликларнинг йўқотишлари

Португалиялик юлдуз билан боғлиқ вазият ҳақида марокашликлар бош мураббийи Валид Рикрокий ҳам муносабат билдириб ўтди. «Роналду ўйнайдими, йўқми, билмайман. Умид қиламанки, ўйнамайди. У тарихдаги энг яхши футболчилардан бири, шунинг учун у бу ўйинни ўтказиб юборса хурсанд бўламан», — деди мутахассис. Ва унинг сўзлари соф дипломатияга ўхшарди. Ёки у майдонда ғазабланган ва катта иштиёққа эга бўлган Криштиануни кўришдан чиндан ҳам қўрқарди.

Амалда «Атлас шерлари»нинг ўз муаммолари етарли эди. Испания билан ўйинда муҳим марказий ҳимоячи Агерд жароҳат олди, чоракфинал ўйини арафасида эса Мазрауи бетоб бўлиб қолди. Уларнинг ҳолати шу даражада эдики, қанчалик исташса ҳам, улар Марокаш учун тарихий бўлган учрашувга чиқа олмасди.

Шу билан бирга айни вақтда Юрген Клопп «Ливерпул»да кўришни истаётган метин ва букилмас Амрабат майдонга тушди. Чунки у аввалги ўйинни ҳам ўтказиб юбориши ҳақида хабарлар  тарқалганди, Испанияга қарши ўйиндан кейин эса тан олди: «Ўтган тунда мен физиотерапевт билан тунги соат учгача ухламадим, ўйин олдидан эса яна укол олдим. Мен йигитларни ва ўз мамлакатимни ташлаб қўя олмасдим».

Диаш статист ролида

Бу ўйиннинг асосий стратегиясини тахмин қилиш қийин эмасди. «Шерлар» испанлар билан ўйинда бўлгани каби рақибга ҳудудларни топширди. Шу билан бирга бир қанча фарқлар бор эди, чунки Португалия — тўпга шунчаки эгалик қилиш учун эгалик қилмайди. Улар рақиб ҳудудида имкон туғилиши билан зарба беришга ҳаракат қилишади ва буни йиқилаётиб бош билан зарба берган Жоау Фелиш ҳам намойиш этди.

Аммо Буну биринчи бўлимнинг бошқа хавфли вазиятларида бўлгани каби бу вазиятда ҳам ишончли ҳаракат қилди. Европаликлар кўп бор таваккалчилик билан олдинга боргани туфайли марокашликларда рақиб ҳудудида бўш зоналар топишда қийинчилик бўлмади. Улар бундан фойдаланишни билишади, португалияликлар эса дастлабки огоҳлик қўнғироғини эътиборга олишмади.

Ан-Носири дастлабки уринишида хато зарба берганди, ҳаводаги иккинчи дуэлда эса мамлакатнинг жаҳон чемпионатларидаги энг яхши тўпурари устун келди. «Севилья» форварди ўтган мавсумда АПЛнинг энг яхши ҳимоячиси деб топилган Рубен Диашнинг боши баландлигида сакради, Чемпионлар лигасида «Порту» дарвозасига белгиланган уч пеналтини қайтариб шуҳрат қозонган Диогу Кошта эса Қатарда навбатдаги хатосига йўл қўйди ва рақиб бунинг учун жазолади.

Португалларнинг иложсизлиги

Португалия танаффус арафасида Бруну Фернандешнинг зарбаси бироз пастга шўнғиганида ҳисобни тенглаштириши мумкин эди, аммо тўп тўсинга тегди. Бир неча такрорлардан кейин у пас эмас, айнан зарба бергани кўринди.

Аммо турнирнинг энг чиройли голларидан бири рўй бермай қолди, биринчи бўлим статистикаси эса европаликлар учун қайғули эди. Жаҳон биринчиликларида улар етти бор дастлабки 45 дақиқаликда ҳисобда ортда қолишган ва бу ўйинларнинг олтитасида мағлубиятга учраб, фақат бир марта ғалабани ўз томонига оғдира олганди.

Ягона матонатли ўйин — 1966 йилги жаҳон чемпионатига тўғри келади. Бу ўйин ҳам чоракфиналда ва турнирда сенсация кўтарган жамоага қарши кечганди. Ўшанда КХДР билан ўйиндаги 0:3 ҳисоби якунда 5:3 ҳисобига ўзгарган, бу воқеалар ривожи тўлиқ такрорланиши учун шанба куни фақат афсонавий футболчи бенефиси етишмади. 56 йил муқаддам Эйсебио покер қайд этган, ушбу афсонавий футболчининг жаҳон чемпионатларидаги рекордини янгилаш орзусида бўлган Роналдуда эса жасорат кўрсатиш учун биргина бўлим бўлди.

Криш учун энг яхши даврларида бу вақт етарли бўлган бўларди. Қолаверса, унинг ажойиб шериклари бор, Сантуш вазиятни ўнглаш учун Жоау Канселу ва Рафаэл Леау каби асосий захира кучларини ҳам майдонга ташлади. Аммо ўйин давомида мудофаа чизиғи етакчиси, сардори Саиисни ҳам йўқотган «шерлар» португал юлдузларининг ҳужумларини бартараф этишди ва ҳужумнинг алмаштириб бўлмас вакиллари — Зиёш ва Буфални ҳам захирага олиб, ҳисобни сақлаб қолишди.

Буну атиги бир марта, Фелиш юқори ўнг бурчакка йўллаган зарбасини қайтариш учун супермен режимини ёқишига тўғри келди. Бу вазиятда тўпни Роналду қулай қилиб ташлаб берганди ва кўп ўтмай унинг ўзида ҳам қулай вазият бўлди, аммо унинг қарши ҳужумда ҳимоячилардан қочиб кетиб, яқин бурчакка йўллаган зарбасини дарвозабон тўхтатди. Энг яхши даврларида бундай вазиятда у жамоасини қутқарган бўларди, аммо вақт энг буюк футболчиларга ҳам раҳм қилмайди.

Ўйин якунлангани ҳақидаги ҳуштак чалингач, у майдонни ёлғиз тарк этди ва кўз ёшларини тия олмади. Португалия уйига қайтади, Марокаш эса Африканинг жаҳон чемпионатларида яримфиналга чиққан илк вакилига айланди.

Британлар Қатарни тарк этди, амалдаги жаҳон чемпионлари эса яримфиналда Марокаш билан учрашади

Rolex dela Pena / EPA / Scanpix / LETA

ЖЧ-2022. 1/4 финал, 10 декабр, «Ал Байт»
Англия — Франция 1:2
Голлар: Кейн (54, пенальти) — Тчуамени (17), Жиру (78).
Аниқ амалга оширилмаган пенальти — Кейн (84).
Англия – Пикфорд, Уокер, Магуайр, Стоунз (Грилиш, 90+8), Шоу, Ҳендерсон (Маунт, 79), Райс, Беллингем, Фоден (Рэшфорд, 85), Сака (Стерлинг, 79), Кейн.
Франция – Льорис, Кунде, Варан, Упамекано, Эрнандес, Рабьо, Тчуамени, Жиру, Гризманн, Дембеле (Коман, 79), Мбаппе.
Огоҳлантиришлар: Гризманн (43), Дембеле (46), Эрнандес (82), Магуайр (89).

Абадий қарама-қаршилик

Франция ва Англия жанги — нафақат жаҳон спорти классикаси, балки жаҳон тарихидаги қарама-қаршилик ҳамдир. Юз йиллик уруш ва икки держава ўртасидаги бошқа кўплаб қарама-қаршиликларни ёдга олиш мумкин. Лекин ҳозир барчани фақат футбол қизиқтиради, бу икки жамоа тўқнашуви 1/4 финал босқичида юзага келган финал олдидан финал бўлди.

Францияда кўпчилик ўйин олдидан 0:0 ҳисобида Англия мудофаасини ёриб ўтиш деярли имконсиз экани ҳақида ёзишди. Британлар эса ўйиннинг энг кутилган дуэли: Мбаппенинг Уокерга қарши чиқишини мемларга айлантиришди. «Манчестер Сити» ҳимоячисига алоҳида босим бор эди, чунки айни вақтда дунёнинг энг яхшиларидан бири бўлган бу ҳужумчи айнан унинг қанотида хавфли ҳаракат қилади, шу туфайли Кайл алоҳида концентрация талаб этиларди. У эса ўйиндан олдин барчасини англаб турарди: «Унинг йўлига қизил гилам тўшамоқчи эмасман. Мбаппе соврин томон мен орқали йўл бошлашини истамайман».

Яна бир мавзу муҳокамалар марказида бўлди. Англия ҳам, Франция ҳам бу босқичга қадар савия жиҳатдан ўзига тенг рақибга дуч келмаганди, шу туфайли чоракфиналда икки томонни ҳам улкан амбициялар синови кутаётганди. Ва, албатта ҳеч кимда хато қилиш ҳуқуқи йўқ эди — чоракфиналда турнирни тарк этиш Англияда ҳам, Францияда ҳам фожиа ўлароқ қабул қилинарди.

Тчуаменининг замбарак ўқидек зарбаси

Рақибларнинг яна бир умумийлиги шаффоф ўйинда эди. Турнир давомида барча Франция юқори ва фаол прессинг уюштирмаслигига, Англия Уокернинг гибрид роли эвазига схемаларни трансформация қилишига кўникиб қолди. Бу ўйинда эса Кайл олдинга чопмаслиги равшан эди — тўпга эгалик қилинаётганда ҳам у ҳар эҳтимолга қарши Мбаппени қўриқлаши талаб этиларди.

Шундай ҳам бўлиб чиқди. Дидье Дешам британлар ўз анъанасига кўра ўйинни аста-секинлик билан бошлашини тушуниб турарди, шу туфайли французлар жамоаси рақибга мослашиб ўйнашга қарор қилди. Мбаппе ва Дембеле ҳатто иккинчи тезликка ҳам ўтишмади, Жиру эса рақиб огоҳлигини текшириб кўриш учун чаён услубидаги зарбасини такрорлашга уриниб кўрди. Одатий усуллар иш бермади, шу туфайли амалдаги жаҳон чемпионлари яширин қуролни ишга солишди — Тчуамени ижросида замбарак ўқидек зарба берилди. Биринчидан, у бу мавсумда ҳатто «Реал» сафида ҳам гол урмаганди. Иккинчидан, бу жаҳон чемпионатида узоқ масофадан дарвозани ишғол этиш ҳолатлари жуда кам кузатилмоқда. Бу вазиятда Тчуаменидан ҳеч ким, жумладан инглизлар ҳимоячилари ҳам бундай зарбани кутишмаганди.

Кейннинг пеналтидан урилган голи

Гарет Саутгейт жамоаси Қатарда илк бор ҳисобда қуваётган жамоа ролини бажаришига тўғри келди, шу туфайли ҳам уларнинг ўйинини кузатиш қизиқарли эди, аммо глобал даражада ўзгариш бўлмади: улар хотиржамлик билан ўнг қанотдан ҳужумлар уюштиришди, стандартдан хавфли вазиятлар юзага келтиришди ... пенальти сўрашди. Биринчи бўлим ўрталарида жарима майдонига кириш жойида Упамекано Кейннинг оёғига тепди, аммо бразилиялик ҳакам Вилтон Сампайо ҳам, унинг видеоассистентлари ҳам бу ўринда 11-метрли нуқтани белгиламади. Ижтимоий тармоқларда кучли шовқин кўтарилди.

Англия яхши ўйнади, аммо чап қанотда ҳам кимдир ўйинини кучайтириши талаб этиларди. Сака эса ўнг қанотда тенгсиз эди: «Арсенал» вингери биринчи бўлимда фаолиятидаги энг яхши ўйинларидан бирини намойиш этди, танаффусдан кейин ҳам мўъжизалар кўрсатишда давом этди. Льорис ҳам аъло даражада ўйин кўрсатди — 47-дақиқада французлар посбони Беллингемнинг тўсин остига йўналтирилган зарбасини қийинчилик билан тўсди.

Аммо инглизларнинг голи ўйиндан бўлмади. Ҳамма жойда ҳозир-у нозир Сакани жарима майдони ичкарисида йиқитишди, бу сафар Сампайо иккиланмасдан 11 метрлик нуқтани кўрсатди. Кейн ўзининг «Тоттенҳэм»даги кўп йиллик жамоадошини доғда қолдириш учун узоқ ўйланди, аммо тўғри қарор қилди: унинг кучли зарбаси билан ҳисоб тенглашди.

Кейннинг пеналтидан хато зарбаси

Англиянинг голи Мбаппега таъсир кўрсатди: у кейинги ҳужумда чап қанотда тезлик олиб, Уокерни ортда қолдирди ва жарима майдони марказига ажойиб пас узатди, аммо иш зарбага қадар етиб бормади. Гол иккинчи томоннинг ўйинини ҳам очди: британлар фаоллик билан олдинга ташланишди ва ҳисобда олдинга чиқиб олишлари ҳам мумкин эди, аммо Магуайрнинг 70-дақиқада бош билан берган зарбаси устунга тегиб майдондан чиқиб кетди.

Голни эса Франция урди. Аввалига Пикфорд Жирунинг хавфли зарбасини қойилмақом сэйв билан йўққа чиқарди, аммо кейинги ҳужумдаёқ Оливье шу каби вазиятда Гризманнинг пасини голга айлантириб, амалдаги жаҳон чемпионларини яна олдинга бошлади.

Саутгейт дарҳол Стерлинг ва Маунтни майдонга ташлади. Дастлабки ўйинлардаги ҳаракатлари билан танқидга учраган «Челси» яримҳимоячиси ўйинга яхши қўшилди ва ҳал қилувчи вазиятда иштирок этди. Тео уни жарима майдонида йиқитди, Сампайо видеотакрорни кўриб келди ва нуқтани кўрсатди. Тўпга яна Кейн яқинлашди ва Льорисни доғда қолдириш учун яна узоқ ўйланди. Бу сафар ортиқча ўйлаб юборди: унинг зарбаси тўсин юқорисидан ўтиб трибуналар сари кетди. Бу вазиятда кўпчилик тарихда қолган Рунининг 2006 йилги мундиалдаги четлатилиши ёки Саутгейтнинг Евро-1996 турниридаги хато пеналтисини ёдга олди.

Аммо Англияда ҳали мувозанатни тиклаш учун етарлича вақт бор эди. Британлар мураббийлар штаби футболчи алмаштиришлар билан ўйинни тетиклаштиришга уринди, Франция эса шунчаки кутди — Дешам бутун ўйин давомида атиги бир ўзгариш амалга оширди. «Учранглилар» хотиржамлик билан ҳимояланишди, имкон туғилиши билан қарши ҳужумларга чиқишди, аммо 100-дақиқада гол ўтказиб юборишлари ҳам мумкин эди. Рэшфорд хавфли нуқтадан жарима зарбаси ижро этди, аммо тўп дарвоза соҳасига аниқ бормади, кўп ўтмай ҳакамнинг ўйин якунлангани ҳақидаги ҳуштаги чалинди. Инглизлар тўп назорати бўйича ҳам, хавфли вазиятлар ва зарбалар бўйича ҳам (14:9, 6:5) яққол устунликка эга бўла туриб, турнирни тарк этди.

Франция титулни ҳимоя қилишда давом этади (бунга қадар амалдаги жаҳон чемпионлари кейинги жаҳон чемпионатида яримфиналга қадар етиб келиши сўнгги бор 1998 йилда кузатилганди, ўшанда 1994 йилги чемпионлар бўлган бразиллар финалга чиқиб, Францияга ютқазишган) ва яримфиналда Марокаш билан учрашади. Англия эса яна йирик турнирни драматик тарзда тарк этди — улар бошқача кета олмайди.

Мавзуга оид