Жаҳон | 10:58 / 15.12.2022
6593
2 дақиқада ўқилади

Бельгия ва Францияда Марокаш билан ўйиндан кейин тартибсизликлар юз берди

Бельгия ва Франциянинг қатор шаҳарларида Қатардаги жаҳон чемпионатининг иккинчи яримфиналида Франция терма жамоаси Марокаш устидан қозонган ғалабасидан сўнг футбол мухлислари полиция билан тўқнашди.

Фото: Getty Images

Брюсселда 15 декабрь, пайшанбага ўтар кечаси футбол ишқибозлари Қатарда бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионатида Франция ва Марокаш ўртасидаги яримфинал учрашувидан сўнг тартибсизликлар келтириб чиқарди. Полиция 100 га яқин одамни тинчликни бузгани, иккита полиция машинасига зарар етказгани ва тақиқланган пиротехника буюмлари олиб юргани учун қўлга олди. Бельгия пойтахтининг айрим марказий ҳудудларида эҳтиёт чораси сифатида транспорт ҳаракати тўсиб қўйилди.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан тўқнашувлар Антверпенда ҳам содир бўлди, дея хабар беради dpa агентлиги. Полиция ҳам у ерда айрим шахсларни қўлга олган. 

Францияда ўз жамоасининг жаҳон чемпионатидаги муваффақияти муносабати билан мухлисларнинг хурсандчилиги айрим ҳолларда назоратдан чиқиб кетди. Париждаги Елисей майдонида мухлислар ва полиция ўртасида қисқа муддатли тўқнашувлар бўлиб ўтди. Мамлакат жанубидаги Монпелье шаҳрида ҳар икки жамоа мухлислари бир-бирларига петарда улоқтирди. Каннда бир нечта машинага зарар етказилди ва полиция кўздан ёш оқизувчи газ ишлатди, деб хабар берди минтақавий Nice-Matin газетаси. 

Шу билан бирга, ўйиндан кейин Берлинда вазият тинч, дея таъкидлайди dpa. Полиция маълумотларига кўра, мухлисларнинг аксарияти ўйин тугаганидан кўп ўтмай уйларига кетишган. Нойкёльн туманида мухлислар кичик фейерверк уюштирди. 

Бундан бир неча соат аввал Франция миллий жамоаси – футбол бўйича амалдаги жаҳон чемпиони – яримфиналда Марокаш жамоасини мағлуб этиб, Қатардаги жаҳон чемпионати финалига йўл олди – 2:0. ЖЧ-2022нинг ҳал қилувчи баҳсида французлар 18 декабрь куни Аргентина миллий жамоаси билан тўқнаш келади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид