Аргентиналиклар хорватларни йирик ҳисобда мағлуб этди ва жаҳон чемпионатининг илк финалчисига айланди.

ЖЧ-2022. Яримфинал, 13 декабр, «Лусайл»
Аргентина — Хорватия 3:0
Голлар: Месси (34, пенальти), Алварес (39, 69).
Аргентина – Эмилиано Мартинес, Молина (Фойт, 86), Отаменди, Ромеро, Таляфико, Де Паул (Паласиос, 74), Мак Аллистер (Корреа, 86), Паредес (Лисандро Мартинес, 62), Фернандес, Месси, Алварес (Дибала, 74).
Хорватия – Ливакович, Юранович, Ловрен, Гвардиол, Соса (Оршич, 46), Модрич (Майер, 81), Ковачич, Брозович (Петкович, 50), Перишич, Пашалич (Влашич, 46), Крамарич (Ливая, 72).
Огоҳлантиришлар: Ливакович (32), Ковачич (32), Ромеро (68), Отаменди (71).
Аргентина ва Нидерландия ўртасидаги чоракфинал ўйини атрофидаги можаро яримфинал арафасида ҳам сўнмаганди. Доимо дипломат бўлган Лионел Скалони ўз футболчилари манзилига билдирилган танқидларни адолатсиз деб атади: «Биз ютқазишни ҳам, ғолиб бўлишни ҳам биламиз. Саудия Арабистонига ютқазганимизда биз бирор сўз айтмагандик. Ўтган йили биз финалда Бразилияни мағлуб этгандик, ўйиндан кейин эса Месси, Неймар ва Паредес иштирокида ажойиб спорт лаҳзаси рўй берганди».
Хорватия билан ўйин арафасида эса томонлар бир-бирига ҳурмат билан муносабатда бўлишди. «Шашкачилар» бош мураббийи Златко Далич Мессини зарарсизлантириш имкониятларини муҳокама қила туриб, кўп вақтни аргентиналиклар сардорига мақтов ёғдиришга сарфлади. Скалони эса футболни ёқтирадиганларнинг барчаси майдонда Модрич каби футболчиларни кўришни исташи ҳақида гапирди. Гарчи кўплаб аргентиналикларда «Реал» яримҳимоячисининг 2018 йилги мундиал гуруҳ босқичида урган голи ёқимсиз хотиралар қолдирган бўлса-да, ўшанда Хорватия 3:0 ҳисобида ғолиб келганди.
Лекин ҳамиша бугунги кун муҳим ҳисобланади, Скалони эса таркиб билан боғлиқ навбатдаги жумбоқни ечиши талаб этиларди, у Де Паул ва Ди Марияга майдонда қанча вақт бериш масаласини ҳал этиши керак эди. Америка Кубоги финалидаги «олтин» гол муаллифи турнир бошидан буён бирор ўйинда тўлиқ иштирок этмаганди, қанотлардаги Монтиэл ва Акуня дисквалификацияга учраганди (сариқ карточкалар) ва тўрт ҳимоячидан иборат схемага қайтилди, буларнинг бари қўшимча ҳавбек — Паредес учун йўл очди.



















