28 ноябрь куни кўриб чиқиш бошланган Нукус воқеалари бўйича 22 нафар судланувчига оид жиноят ишининг жонли эфири гувоҳлар ва жабрланувчилар бир-бирларининг кўрсатмаларини эшитиб олмаслиги учун вақтинча тўхтатилганди.
Суд жараёнининг онлайн намойишини тиклаш ёки тикламасликни суд ҳал қилади. Бу ҳақда Бош прокуратуранинг Мустақил парламент комиссияси саволларига жавобан тақдим этган ахборотида сўз боради.
“Суд муҳокамасининг гувоҳлар кўрсатмаларини эшитиш босқичида ЖПКнинг 432-моддаси талабига кўра, суд ажрими билан онлайн намойиш этиш тўхтатилган. Суд жараёнлари тарафларнинг музокараси босқичида ОАВ вакиллари томонидан онлайн намойиш этилишига суднинг ташаббуси билан ёки жиноят процесси иштирокчилари илтимосномасига кўра, раислик этувчи суд томонидан рухсат этилиши мумкин”, дейилади расмий маълумотда.
Қайд этилишича, Қорақалпоғистондаги намойишчиларга доир суд жараёни очиқ тарзда ўтказилаётган бўлиб, барча оммавий ахборот воситалари, халқаро ташкилотлар вакиллари, ҳуқуқ фаоллари, блогерлар ҳамда судда иштирок этиш истагини билдирган барча шахслар учун жараённи видео-конференц-алоқа орқали тўғридан-тўғри кузатиш имконияти яратилган.
Бош прокуратурага кўра, 2022 йил 7 декабргача суд жараёнида 38 нафар журналист ва блогер қатнашган, бирор-бир ОАВ вакилининг судда қатнашишишига монелик қилиш билан боғлиқ ҳолат қайд этилмаган.
Эслатиб ўтамиз, 1-2 июл кунлари Нукус шаҳрида оммавий тартибсизликлар кузатилганди. Июл ойида Қонунчилик палатаси ва Сенат Қорақалпоғистон воқеалари юзасидан мустақил текширув ўтказиш учун Мустақил комиссия тузган, омбудсман Феруза Эшматова раҳбарлик қилаётган комиссия аъзолари 15 август кунидан яна иш бошлаганди
















