13 декабр куни президент Шавкат Мирзиёев «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамияти тизимидаги 18-автобус саройида бўлиб, жамоат транспорти муаммоларини кескин танқид қилган, масъулларга бир қанча кўрсатмалар берганди. Жумладан, март ойига қадар мингта катта сиғимли автобуслар олиб келиниши кераклиги айтилганди.

Шундан сўнг, президент топшириғи билан тизимдаги муаммоларни бартараф этиш, аҳолига қулай транспорт хизмати кўрсатишни ташкил этиш бўйича идоралараро тезкор штаб тузилди.

Тошкент шаҳар транспорт бош бошқармасининг 15 декабрдаги хабарига кўра, 14 декабр куни тезкор штаб йиғилиши ўтказилган, унда мавжуд йўналишлар инвентаризацияси ўтказилиб, йўналишлар бўйлаб йўловчилар оқими шаклланиши, ҳаракатланувчи таркибларнинг техник ҳолати ва ҳайдовчиларнинг мавжудлиги ўрганилган.

«Тасдиқланган йўналиш ҳужжатларига мувофиқ, автобусларнинг ҳаракатланиш интервалларини қисқартириш ва кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш мақсадида техник носоз ҳолатда бўлган автобусларни яроқли ҳолга келтириш чоралари кўрилди», – дейилади бош бошқарма хабарида.

14 декабр куни қўшимча 20 дона MAN A22 русумли юқори сиғимли автобуслар, 15 декабр куни эса яна 100 дона Isuzu (SAZ HC40) автобуслари олиб келинган.

Ҳолбуки президентнинг 2017 йил 1 декабрда қабул қилинган ПФ-5270-сон фармони билан 2018 йил 1 мартдан ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштирилмаган шаҳар йўловчи транспорти воситаларини сотиб олиш тақиқланиши белгилаб қўйилганди. Маълумотларга кўра, Isuzu ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштирилмаган.