Жаҳон | 10:26 / 17.12.2022
12215
2 дақиқада ўқилади

Украина халқи ва Зеленский Буюк Карл мукофоти билан тақдирланди

Зеленский ва бутун Украина Европа ва Европа қадриятларини ҳимоя қиляпти, деб таъкидлади нуфузли Буюк Карл номидаги мукофот кенгаши.

Фото: karlspreis.de

Украина президенти Володимир Зеленский ва украин халқи 2023 йил учун нуфузли Буюк Карл халқаро мукофоти лауреати бўлди. Мукофот қўмитаси ўз қарорини 16 декабрь, жума куни эълон қилди. Мукофот 1950 йилдан бери Германиянинг Ахен шаҳрида Европани бирлаштиришга қўшган улкан ҳиссаси учун топширилиб келинади.

Қарор матнида «Украина халқи президент Володимир Зеленский бошчилигида нафақат ўз мамлакати суверенитети ва фуқаролари ҳаётини, балки Европа ва Европа қадриятларини ҳам ҳимоя қилаётгани» таъкидланган.

«Ушбу ҳимоя урушида Володимир Зеленский нафақат ўз халқининг президенти ва Украина армиясининг бош қўмондони, балки Украина ва катта гуруҳ тарафдорлари ўртасидаги туртки, алоқачи, восита ва боғловчи ҳамдир», — дея таъкидлади мукофот ҳайъати.

Буюк Карл мукофоти 1950 йилдан бери Европани бирлаштиришга қўшган ҳиссаси учун берилади. Уинстон Черчилл ва Конрад Аденауэр унинг биринчи лауреатлари бўлган. Йиллар давомида уни таниқли сиёсатчилар ва жамоат арбоблари олди: Вацлав Гавел, Ангела Меркел, Эммануэл Макрон, Рим папаси Франциск ва бошқалар.

2022 йил учун мукофот Светлана Тихановская, Мария Колесникова ва Вероника Цепкалога «диктатура, қатағон ва ноқонуний давлатга қарши курашнинг ноёб намунаси» учун берилди.

Мавзуга оид