Ўзбекистон | 09:40 / 18.12.2022
28077
16 дақиқада ўқилади

Газ муаммосига ечим, айбдорларга қамоқ ва ҳайфсан — ҳафта дайжести

Туркманистон билан келишув қишки газ дефицитини “тўлиқ ҳал қилиши” айтиляпти. Энергетика тизимидаги амалдорлардан камида 12 тасининг устидан жиноят иши очилди. Президент олдида “қишга тайёргарликни барбод қилган” ҳукумат миқёсидаги мансабдорларнинг лавозимга лойиқлиги масаласи турибди. Якунланаётган ҳафтанинг асосий воқеалари – Kun.uz дайжестида.

Газ ва электр муаммоларини ҳал қилиш осон эмас, лекин одамлардаги кайфиятга тўғридан тўғри таъсир қиладиган иккита нарсани қилиб қўйиш жудаям осон. Биринчиси – колл-марказлар. Чироқ ўчганида бир асабийлашган одам 1154 қисқа рақамига телефон қилиб тушолмаганида баттар асабийлашади. Шу оддийгина масала нега ҳал қилинмаётгани тушунарсиз.

Ечими оддий, лекин ижтимоий кайфиятга катта таъсир қиладиган яна битта масала – режали ўчиришлар графиги. Одамлар чироқ ўчганда қачон ёнишини, ёнганида эса қачон ўчишини аниқ билса, ишларини шунга қараб режалаштиради; чироқ ўчганида эса нисбатан хотиржамроқ қарайди, чунки буни аввалдан кутган ва тайёргарлик кўриб қўйган бўлади.

Шу ҳафта энергетиклар ниҳоят шу ишга қўл урди. Ҳамма ҳудудлардаги электр корхоналари таъминотдаги режали узилишлар жадвалларини эълон қилди. Бу жадвалларга қанчалик риоя қилиняпти ва улар аҳоли орасида қанчалик кенгроқ тарқатиляпти, ҳозирча бир нарса дейиш қийин.

Графикларга кўра, энг кам чекловлар пойтахт Тошкент шаҳрига тўғри келади – кунига 1 марта ва максимум 2 соат. Вилоятларда эса режали узилишлар 2-4 соатдан кунига 4-7 мартагача, бир суткада жами 12 соатгача эканини кўриш мумкин.

Кўплаб вилоятларда 2 соатдан кунига 4 марта, айримларида 1 соатдан кунига 6 марта, яна айримларида эса 1-2 соатдан кунига 7 марта узилиш қилиш кўзда тутилган. Эълон қилинган графиклар фақат режали чекловларга оид, яъни авариявий узилишларга тааллуқли эмас. Шу билан бирга, графикда белгиланган соатларда чироқ ўчмаслиги ҳам мумкин, бу – об-ҳаво шароити ва ресурсларнинг етиш-етмаслигига боғлиқ.

Афсуски, эълон қилинган жуда кўп суратларнинг сифати жуда паст, уларни умуман ўқиб бўлмайди. Айниқса, Тошкент вилояти ҳудудий электр тармоқлари каналига графиклар ўта сифатсиз қилиб юкланган; “топшириқ бажарилдими, бажарилди” қабилида, қўл учида иш қилинган. Бундай ҳолатни бошқа қатор вилоятларда ҳам учратиш мумкин.

Туркманистондан газ импорти 2 баробарга ошиши мумкин

Фото: Нигоҳ / Telegram

Ҳафтанинг асосий хабарларидан бири – Ўзбекистон Туркманистондан газ импортини икки баробарга оширадиган бўлди. Душанба куни Президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов Ашхободга бориб, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳаммедов билан бу борада келишувга эришгани айтилмоқда.

Расман эълон қилинмаган, лекин расмий манбалар томонидан матбуотга тарқатилган маълумотларга кўра, сафар чоғида Ўзбекистонга 3 ой давомида жами 1,5 млрд кубометр қўшимча газ бериш бўйича шартнома имзоланган. Бу – кунига 20 млн кубометрга тўғри келади.

Ҳукуматдаги манбалар шу орқали Ўзбекистонда қиш кунларидаги газ дефицити ҳал бўлиши мумкинлигини айтяпти. Энергетика вазирлиги импорт оширилишидан олдин кунлик газ дефицити 10 млн кубометр бўлганини маълум қилган. Reuters маълумотига кўра, Ўзбекистон Туркманистондан бунга қадар кунига 15 млн кубометр газ сотиб олаётганди.

Бундан ташқари, ўтган ҳафта Туркманистондан электр энергияси импорти 17 фоизга оширилгани расман эълон қилинган эди. Лекин импортнинг ошиши Энергетика вазирлигининг ҳар кунлик ҳисоботларида кўринмаяпти: етказиб берилаётган газ ва электр миқдорида ой бошидан бери сезиларли ўзгариш бўлмади.

Ҳафта ўрталарида ҳаво ҳарорати бироз кўтарилиб, энерготизимга юклама бирмунча камайди. Автомобилларга газ қуйиш шохобчаларидаги чекловларда ҳозирча ўзгаришлар йўқ. Сешанбадан бошлаб Аи-80 бензини акциз солиғидан вақтинча озод этилгани ҳисобига “Ўзбекнефтгаз” шохобчаларида 6800 сўмдан 5700 сўмга арзонлашди. Бунинг ортидан арзонлашган бензин учун турнақатор навбатлар кузатилди, дастлабки кунларда Тошкентда 40 дақиқадан ортиқроқ навбат кутишга тўғри келди. Хусусий шохобчаларда ҳозирча сезиларли нарх ўзгариши бўлмади.

80 маркадаги бензин акциз солиғига тортилмаслиги бўйича вақтинчалик тартиб 2023 йил 1 мартгача давом этади.

Энергоинспекциялар ва департамент рейдлар бошлади

“Ҳудудгазтаъминот”нинг Тошкент вилояти филиали директори – устидан жиноят иши очилган, вилоят даражасидаги ягона энергетика мансабдори. / Фото: ЎзА

Аи-80 бензинидан акциз солиғини вақтинча олиб ташлаш ҳақидаги президент қарорида яна бир банд бор. Унга кўра, 1 апрелгача Энергетика вазирлигининг инспекцияларига Бизнес-омбудсман билан келишмасдан туриб корхоналарнинг энергия истеъмолини текширишга рухсат берилди. Шу асосда ҳудудларда тадбиркорлик субъектларининг газ ва электрга ноқонуний уланишини текшириш бошланиб кетди.

Ўтказилаётган рейдларда кўплаб корхоналар бир неча ўн минглаб аҳолининг бир ойлик истеъмолига тенг газ ёки светни ўғирлагани аниқланяпти. Бунинг ортидан қатор ҳудудларда энергетика мансабдорлари устидан жиноят ишлари очиляпти.

“Ҳудудгазтаъминот”нинг Тошкент вилояти филиали директори, Тошкент вилоятининг Янгийўл ва Андижон вилоятининг Булоқбоши туманлари газ идоралари директорлари, Сурхондарёнинг Денов тумани газ идораси собиқ директори ва бош муҳандиси устидан жиноят ишлари очилди, уларнинг айримлари қамоққа олинди.

Ҳудудий электр тармоқлари корхоналари раҳбарлари ҳам терговга тортилмоқда. Сирдарё вилоятининг Гулистон тумани электр тармоқлари корхонаси собиқ раҳбари, Сурхондарёнинг Музработ, Шеробод ва Узун туманлари электр тармоқлари бошлиқлари, Қизириқ тумани электр тармоқлари бошлиғи ўринбосари, Сариосиё тумани электр тармоқлари ҳисобчиси устидан жиноят ишлари қўзғатилган. Музработда кўмир омбори мудири ва сув таъминоти энергетиги устидан ҳам тергов бошланган.

Санаб ўтилган жиноий ишлар фигурантларининг ҳаммаси – қуйи тизимдаги собиқ ва амалдаги мансабдорлар. Улар орасида вилоят миқёсидаги фақат битта амалдор бор: Тошкент вилояти газ таъминоти бошлиғи. Ўтган ҳафта бу вилоят прокурори газга ноқонуний уланиб олган Олмалиқдаги ғишт заводини тармоқдан узмасликни сўрагани маълум бўлганди. Ҳафта давомида бу воқеага доир бирор янгилик бўлмади: афтидан, прокурор масаласи ёпилганга ўхшайди.

“Улар қишга тайёргарликни барбод қилди” — президент энерготизим бош раҳбарларининг лавозимга лойиқлиги масаласини тилга олди

Президент энергетика инқирози учун 7 нафар амалдорга ҳайфсан берди. Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов илк марта кризис учун жавобгарлар қаторида тилга олинди. / Фото: Президент матбуот хизмати

Энергетика инқирозининг айбдорлари масаласига Шавкат Мирзиёев ҳам тўхталди. Президент бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов ва “Ўзбекнефтгаз”, “Иссиқлик электр станциялари”, “Миллий электр тармоқлари”, “Ҳудудий электр тармоқлари”, “Ўзтрансгаз”, “Ҳудудгазтаъминот” раисларига ҳайфсан берди. Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, улар ҳокимлар ва сектор раҳбарлари билан бирга қишга тайёргарликни барбод қилган.

“Бу қишда ўзининг таъсирини кўрсатади деб айтганимга қарамасдан, булар пастга тушмаганини ҳаммамиз кўрдик. Агар пастга тушиб, тизим қилиб, қаерда қачон ўчирамиз, қаерда ёқамиз, бензинни нима қилиш керак – ҳаммасининг ҳисоб-китобини тўғри қилганда эди, бу гаплар ҳам бўлмасди. Улар қишга тайёргарликни барбод қилди. Бу ҳам ҳақиқат. Булар бўйича мен ҳам кўп нарсани ўйлашга мажбур бўламан. Булар лавозимга муносибми-йўқми, деган савол кўндаланг турибди”, – деди давлат раҳбари.

Президент энергетика соҳаси амалдорлари, ҳокимлар ва сектор раҳбарларига 2 ойлик фавқулодда режимда ишлашга топшириқ берди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев бензинга солиқ имтиёзи жойларда “ўйин бўлиб кетмаслиги”ни талаб қилди. Ўғриликлар бўйича эса, орган раҳбарлари кимга қандай жазо берилганини халққа айтиб туриши керак.

“Ноқонуний уланишлар, ўғриликлар бўйича Йўлдошев (бош прокурор), Бобожонов (ички ишлар вазири), Азизов (ДХХ раиси), Жўраев (МГ қўмондони), Мирзааҳмудов (энергетика вазири) ҳар куни халқимизга кимга қандай жазо берганимизни айтиб туришимиз керак. Айтиб туриш керак! Қонун устуворлигини бутун халқ билиши керак”, деди Шавкат Мирзиёев.

Намойишни ёритган блогерга – 21 млн сўм жарима

Президент топшириғи фонида энергетика тизимидаги камида 12 нафар амалдор терговга тортилгани ҳақида юқорида айтиб ўтдик. Ҳозирги кучайтирилган режим вақтида уларга нисбатан жазо ҳам қаттиқроқ бўладими-йўқми, буни вақт кўрсатади. Лекин ҳозиргача қаттиқроқ жазони сезиб улгурганлар ҳам йўқ эмас.

Масалан, Андижонда майда мезориликда айбланган икки киши 15 суткага қамалди. Улар метан-шохобчага машиналарни навбатсиз киритиш билан шуғулланган. Олтинкўл тумани судида уларга ички ишлар ходимларига қаршилик қилиш айблови ҳам қўйилган.

Кескин жазога тортилган яна бир фуқаро – фарғоналик блогер Олимжон Ҳайдаров. У ўтган ҳафта Ўзбекистон туманидаги завод ишчиларининг газ сўраб ўтказган намойишини ёритгани ортидан, 13 декабр куни 21 млн сўм жаримага тортилди. Айбловга кўра, блогер намойиш ўтказиш тартибини бузган ва ёлғон ахборот тарқатган.

Айбловни тан олмаган Ҳайдаров суд қарори устидан апелляция берди. Депутат Расул Кушербаев намойиш ўтказиш тартиби ҳали ҳеч қаерда белгиланмаганини айтиб, ёзилмаган қоидани бузгани учун фуқарони жавобгар қилиб бўлмаслигини билдирди. Кушербаев бу борада Олий суддан изоҳ талаб қиляпти.

Ўзбекистонда “Митинг, йиғилиш ва намойишлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси 2019 йилда эълон қилинган эди. Лекин ўшанда лойиҳа қабул қилинмаган, парламентга ҳам киритилмаганди. Шу ҳафта ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов Kun.uz мухбирининг саволига жавобан бу ҳужжат лойиҳаси тез кунларда яна муҳокамага чиқарилишини айтди.

“Ҳозирги вақтда бу ҳужжат қайта кўриб чиқилмоқда ва тез кунларда жамоатчилик муҳокамасига қайтадан тақдим қилинади. Жамоатчилик таклиф ва эътирозлари олингач, у парламентга киритилади”,деди у.

Шоҳрух Ғиёсов журналистлар қаршисига қачон вазир Пўлат Бобожоновнинг ўзи чиқади, деган саволга ҳам жавоб берди.

“Вазир иштирокида матбуот анжумани ўтказиш ҳақида биз ахборот берган эдик. Вазиримиз жамоатчиликнинг таклиф ва эътирозларини инобатга олган ҳолда бу масалани кўриб чиқмоқда. Бу тадбир ҳақида биз бир ҳафта аввал сизларга маълум қиламиз”, – дея жавоб қилди ИИВ сўзловчиси.

Кучишлатар тузилмалар – Тошкент автобусларига масъул

Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов (фуражкада) ва унинг ортида транспорт вазири Илҳом Маҳкамов / Фото: ИИВ матбуот хизмати

Пўлат Бобожонов журналистлар қаршисида бўлмаса ҳам, омма кўз олдида кўриниш берди. У 16 декабр куни оддий одамлар билан бирга автобусда юриб кўрди. Бобожоновга транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ҳамроҳлик қилди. Айнан транспорт вазирининг автобусда кетаётгани расмини ноёб расм деса бўлади.

Албатта, икки вазир ишга, уйига, меҳмонга ёки бозорга автобусда боргани йўқ. Улар президент танқидидан кейин кўчага чиқиб, бекатларда ва автобусда одамлар билан гаплашиб, Тошкентдаги жамоат транспорти қай аҳволда эканини ўрганди.

Гап шундаки, Шавкат Мирзиёев 13 декабр куни Учтепа туманига ташрифида автобус саройларидан бирини ҳам кўздан кечирди. Президент одамлар совуқда автобус келишини кўп кутиб қолаётганини айтиб, масъулларга дакки берди. Давлат раҳбари бош вазирга баҳоргача Тошкентга мингта янги автобус олиб келишни буюрди. Шунингдек, шаҳардаги 8 та автобус саройи Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги ва Миллий гвардияга бириктирилди.

Шу тариқа, биргина ички ишлар тизимидан 212 та ходим ўзларига бириктирилган автобус йўналишларидаги муаммоларни ўрганишга киришди. Қисқа вақтда 70дан ортиқ носоз автобуслар тузатилиб, йўналишларга чиқарилди. Самарқанддаги заводда ишлаб чиқарилган 100 та янги автобус тезкор равишда олиб келинди. Уларга қўшимча тарзда куч тузилмаларининг 30та Isuzu автобуслари ҳам Тошкент йўлларида ҳаракатлана бошлади. Ҳатто 10 та туристик автобус ҳам йўналишларга чиқарилди. Шу ва бошқа чоралар натижасида бир неча кун ичида “Тошшаҳартрансхизмат” тизимидаги автобуслар сони сезиларли ошди. Шунга мос равишда оралиқ интервал вақтлари ҳам қисқаргани айтиляпти.

Қўшимча қилиш керак, йўналишларга чиқарилган кичик Isuzu автобуслари ногиронлиги бор одамлар учун мослашмаган. Шаҳар жамоат транспортида бунақа автобуслардан фойдаланиш 2018 йилда тақиқланган эди. Агар топшириқ бажаралиб, баҳоргача мингта автобус олиб келинса, кичик Isuzu'лардан воз кечилишига умид қиламиз.

Умуман олганда, ҳозир Тошкент йўлларидаги автобусларнинг сони мингтага ё етади, ё етмайди. Яна шунча автобус олиб келиниши эса Тошкент учун узоқ кутилган жуда катта янгилик бўлган бўлар эди.

Президент топшириғи билан, шунингдек, шаҳарда автобус ҳайдовчиларининг маоши оширилиб, камида 5-6 млн сўм деб белгиланди. “Тошшаҳартрансхизмат” ҳайдовчиларни ишга чақиряпти. Бунда малака талабларига ҳам жиддий эътибор берилиши керак. Акс ҳолда, масалан, сешанба куни Мирзо Улуғбек кўчасида иккита катта автобус тўқнашиб кетди, йўловчилардан икки нафари жароҳат олди.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

UzAuto Motors Damas ва Labo сотувини ҳам вақтинча тўхтатди. Бунгача компания Spark va Nexia ишлаб чиқаришдан воз кечиб, Cobalt va Gentra учун шартномалар беришни ҳам номаълум муддатга тўхтатган эди. Шу тариқа, харидорлар олдида фақат Onix варианти қолди. Бу модел учун шартномалар 2023 йил 31 декабргача етказиб бериш шарти билан тузилмоқда.

Мексикада 7 нафар ўзбекистонлик гаровга олинди. Улар АҚШнинг Калифорния штатига кетаётган пайтда ҳужумга учраган. Жиноятчилар ҳамюртларимиздан 1200 доллар талаб қилишган, уларда эса пул бўлмаган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ўзбекистонликларни жиноятчиларнинг уйидан озод қилиб, миграция марказига юборган. АҚШдаги дипломатларимиз уларга ёрдам кўрсатилаётганини маълум қилди. Бу ҳафта, шунингдек, Самарқандда одамларни Мексика орқали Америкага жўнатмоқчи бўлган икки фирибгар қўлга олинди. Улар ўз хизматини 25-30 минг долларга баҳолаган.

Сенат раиси Танзила Норбоеванинг Дўрмондаги хизмат уйида ўғрилик содир бўлди. Маълум бўлишича, бу уйда Норбоеванинг қизи яшаб келган ва у ўтган ойда 12500 долларнинг ўғирланишини шу уйда энага сифатида ишлаган аёлдан кўрган. Аёл гумонланувчи сифатида қамоққа олинган, лекин айби исботланмагани учун қўйиб юборилган. Kun.uz'даги маълумотлар аёл қийноққа солинган бўлиши мумкинлигини кўрсатяпти. Ички ишлар вазирлиги хизмат текшируви тайинлаган.

Тошкентдаги учта йирик онкология марказидан иккитаси сотилмайдиган бўлди. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Республика онкология марказининг Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти филиаллари ўз жойида қолади. Лекин расмийлар ҳозирча сукут сақлашда давом этяпти. Учала шифохона 17 декабр ҳолатига ҳам аукционда турибди. Аукцион 19 декабр, душанбага белгиланган.

Ўзбекистонда намойиш этишга рухсат берилган хорижий телеканаллар сони 50 тадан 192 тага етди. Рўйхатда BBC, CNN, CNBC, Fox News, Bloomberg, CGTN, “Ал-Жазира” каби телеканаллар ҳам бор. Буни Россиянинг ахборот аудиториясидан чиқишга томон биринчи қадам дейиш мумкин. Лекин бу каналларни асосан IPTV'да кўриш мумкин, ҳозирча кабел телевидениеси пакетига қўшилмаган.

Ҳафта охирида кадр ўзгаришлари рўй берди. Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси Қаҳрамон Сариев президентнинг аҳоли билан мулоқот ва маҳаллий ҳокимликлар бўйича маслаҳатчисининг ўринбосари бўлди. Унинг ўрнига Қорақалпоғистон ҳукуматини Фарҳод Эрманов бошқаради. Эрманов бунгача Хоразм вилояти ҳокими эди. Хоразмнинг Қўшкўпир тумани ҳокими Жўрабек Раҳимов вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Мавзуга оид