Залужний Зеленскийни дезертирлик ҳақидаги қонунни кучайтиришга чақирди
Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний президент Володимир Зеленскийни дезертирлик ҳақидаги қонунни кучайтиришга ва Олий рада томонидан маъқулланган тегишли қонун лойиҳасини имзолашга чақирди.
«Мен анча мураккаб мавзуни кўтаришга мажбурман - ҳарбий қисм ёки хизмат жойини рухсатсиз тарк этиш, дезертирлик, жанг майдонини рухсатсиз тарк этиш ёки қурол ишлатишдан бош тортиш, бўйсунмаслик ва ҳарбий буйруқларни бажармаслик учун жавобгарликни ошириш. Мен Украина Олий радаси томонидан қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳақида қабул қилинган қарорни қўллаб-қувватлайман ва президентдан қонунни имзолашни сўрайман. Менинг фикрим ушбу комплекс масалаларни тизимли ҳал қилишни талаб қилган гуруҳлар ва ҳарбий қисмлар қўмондонларининг позициясини аниқ акс эттиради», - дея ёзган Залужний.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирда бош тортувчилар жанговар тўловларнинг ўн фоизигача жарима тўлашлари мумкин, бошқа ҳарбий хизматчилар эса фронтнинг очиқ участкаларини ёпишга мажбур бўладилар, бу эса шахсий таркиб, ҳудудлар ва тинч аҳоли орасида йўқотишларнинг кўпайишига олиб келади.
«Йўқотилган позицияларни кўпинча жуда юқори баҳога ҳужум қилиш орқали тиклаш керак. Бундай бўлмаслиги керак. Бу муаммога юмшоқроқ тарзда ёрдам бериш мумкинми? Тушунтириш, ишонтириш керакми. Ҳа, агар гап тинчлик даври ҳақида кетаётган бўлганида. Уруш шароитларида тезкор самарали ечимлар зарур», - деди Залужний.
Бундан олдин Залужний фронтдаги энг қайноқ нуқталарни маълум қилганди.
Душман, Залужнийнинг сўзларига кўра, Белогоровка-Соледар-Бахмут-Майорск ва Авдеевка-Опросное-Водяное-Пески-Маринка-Павловка йўналишларида энг фаол ҳужумни амалга оширмоқда.
Шу билан бирга, у, умуман олганда, «вазият барқарор ва назорат қилиниши мумкин» эканлигини таъкидлади.