Аввалроқ CNN ҳамда Reuters АҚШ ҳукуматидагилар Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини етказиб беришга қарор қилишгани, тез орада бу борада эълон қилиши кутилаётгани ҳақида ёзганди. CNN бу ҳақда АҚШ ҳукуматидаги юқори лавозимли манбаларига таяниб ёзганди. Нашр манбасига кўра, ҳужжат АҚШ президентига киритиш учун Пентагон раҳбари Остиннинг имзосини кутмоқда.

21 декабр куни эса Қўшма Штатлар Украинага янги 1,8 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этиши ҳақида хабарлар чиқди. Юбориладиган қуроллар орасида илк марта Patriot зенит-ракета комплекси ҳам ўрин олган.

Украина уруш бошланганидан буён сўрайди

Уруш бошланганига қарийб бир йил бўлди ва шу вақт давомида Украина НАТОдаги ҳамкорларидан ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари етказиб беришни сўраб келади. Россия ноябр ойи охирида украиналикларни совуқда қолдириш мақсадида энергия объектларига навбатдаги ракеталар ёмғирини ёғдирди. Зарбалардан кейин кўплаб украиналиклар электр энергияси ва иссиқликсиз қолди.

Фото: REUTERS

Мамлакат ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба бу зарбалар фонида Украинага тезда ҳаво ҳужумидан мустаҳкам мудофаа тизими керак экани ҳақида гапирди. «Илтимос, бизга Patriot етказиб беринг, биз унинг ёрдамида ўз фуқароларимизни, ҳаётий зарур энергия объектларимизни ҳимоя қиламиз. Бу ҳужум қуроли эмас ахир», деганди Украина ташқи ишлар вазири НАТО саммити иштирокичларига мурожаат қилар экан. Аммо ўша йиғилишда Patriot етказиб бериш борасида бир қарорга келишмаганди.

Ўша мажлисдан кейин Полша ўзидаги Германияда ишлаб чиқарилган зенит-ракета комлексларини Украинага бермоқчи эканини маълум қилди, аммо Берлин бунга розилик бермади. Полшадаги қишлоқлардан бирига ракета келиб тушганидан кейин Германия ушбу мамлакатга қирувчи самолёт ва Patriot тизимлари кўринишида ёрдам беришга тайёрлигини билдирди. Ўз навбатида, Полша бу ёрдамни қўшниси Украинага беришни сўради, аммо Германия мамлакатдаги қуроллар фақат НАТО даватларида ишлатишга мўлжалланганини билдирди.

Ғарб олами Россия босқини бошланганидан буён Украинага ёрдам беришда давом этмоқда. Дастлабки ойларда АҚШ ва иттифоқчилари Украина осмонини мудофаа қилиш учун асосан елкада олиб юришга мўлжалланган кичикроқ ҳажмдаги зенит-ракета комплексларини бераётганди. Аммо кейинчалик Украина кучли ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини қўлга кирита бошлади. Масалан, октябрда Украина Германияда ишлаб чиқарилган IRIS-T ракета тизимларини олди, кейинроқ эса янада кучли бўлган NASAMS мудофаа тизимларини ҳам.