Президент томонидан жамоат транспортидаги муаммолар танқид қилинганидан сўнг транспорт вазири ва бошқа мансабдорлар ҳам автобусларда кўриниш бера бошлади. Пойтахтдаги автосаройлар ИИВ, ФВВ ва Миллий гвардияга бириктирилгани, бунинг натижасида автобуслар қатнови “жонланиб”, оралиқ интервал икки баробарга қисқаргани ҳақида хабарлар тарқалди. Kun.uz йўловчиларнинг норозилигига сабаб бўлган бир нечта йўналишларга чиқиб, ҳақиқий ҳолатни яна бир бор ўрганди.

1 ҳафта илгари жамоат транспортлари билан боғлиқ ҳолатни ўрганганимизда пойтахтликлар бу борада эътирозларга тўла фикрларни билдиришган эди.

Изза даҳаси ва Тошкент МУМ автошоҳбекати йўналишида қатнайдиган 13-автобусни соатлаб кутаверган йўловчилар чарчашди. Наҳотки автобусни кўпайтиришнинг имкони бўлмаса? Қачонгача йўловчилар автобуснинг қораси кўринармикан, дея йўлга термулиб ўтиришади? Йўловчилар 13-автобусни камида 40-50 дақиқа, гоҳида бир соат кутадиган бўлишганидан норози. Бу норозиликка ким барҳам беради?! Мутасаддилардан жавоб кутамиз!” – деб бир ой муқаддам ёзган эди ижтимоий тармоқ фаоли Хонбиби Ҳиммат қизи ўзининг Facebook саҳифасида.

Шу сабабли мазкур йўналишдаги вазият қанчалик яхшиланганини текшириб кўришга қарор қилдик. Йўловчиларнинг сўзларига кўра, илгари соатлаб кутилган 13-сонли автобус сўнгги бир ҳафта ичида жуда қисқа интервал билан ҳаракатланяпти. Йўналишга янги қўйилган автобусларнинг бирида ҳайдовчилик қилаётган Ўктам Ҳошимов автобуслар сони аввалгидан 5-6 тага кўпайтирилганини маълум қилди.