Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази охирги 2 ой ичида 15 нафар бола “Док-1 МАКС” препарати сабабли вафот этган бўлиши мумкинлигини маълум қилди.
Марказнинг шу мазмунда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига 15 декабр куни чиқарган хати ижтимоий тармоқларда жиддий муҳокамаларга сабаб бўлди.

Марказ бош врачи М.Азизов “Док-1 МАКС” препаратидан фойдаланган аксарият инсонлар унинг ножўя таъсиридан шикоят қилганини билдирган. Бош врачга кўра, бу дорини истеъмол қилган болаларда буйрак зарарланиши ва етишмовчилиги белгилари кузатилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу борада ўрганиш ишлари бошлангани, Фармацевтика агентлиги эса 22 декабрдан бошлаб дорининг Ўзбекистондаги савдоси тўхтатилганини маълум қилди.
Kun.uz мухбири Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида бўлиб, ҳолатни ўрганди.


Марказ бош врачи ўринбосари Фазлиддин Файзуллаев биз билан суҳбатда вазиятга изоҳ берди.
“Одатда куз-қиш мавсумида ёш болаларда нафас йўллари билан боғлиқ муаммолар, шамоллаш ва тана ҳароратининг ошиши кўп кузатилади. Сўнгги ойларда бизнинг марказимизда буйрак етишмовчилиги билан оғриган бемор болалар сони ортди. Биз уларнинг ота-оналари билан суҳбатлашганимизда, уларнинг аксарияти тана ҳароратини тушириш ва даволаш мақсадида “Док-1 МАКС” препаратидан фойдаланганини маълум қилди. 17 нафар бемор болаларда касаллик ниҳоятда оғир кечди. 15 нафарини сақлаб қолишнинг имкони бўлмади. Шу каби ҳолатларни таҳлил қилиб, Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасига билдирги бердик”, – деди Фазлиддин Файзуллаев.



















